1182. Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳум оталаридан ривоят қиладилар:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдуллоҳ қандай яхши одам! Қанийди у кечасиям намоз ўқиса», дебдилар».
(Ровий) Солим айтади: «Шундан кейин Абдуллоҳ тунда озгина ухлайдиган бўлди».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида ким туш кўрса, уни у зотга сўзлаб берар эди. Мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сўзлаб бериш учун туш кўришни орзу қилардим. Уйланмаган ёш йигит эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжидда ухлар эдим. Бир куни тушимда икки фаришта мени ушлаб, дўзахга олиб боришди. Қарасам, у қудуқнинг четига ўхшаб, атрофи ўралган экан. Қудуқнинг икки тиргагига ўхшаш икки тиргаги ҳам бор экан. У ерда бир неча одамлар бор эди. Мен уларни таниб, «Дўзахдан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман! Дўзахдан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман! Дўзахдан Аллоҳнинг паноҳини сўрайман!» дея бошладим. Шунда икковига (икки фариштага) яна бир фаришта рўбарў бўлиб, менга: «Қўрқма!» деди.
Мен буни Ҳафсага айтиб бердим. Ҳафса эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берибди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдуллоҳ қандай яхши одам! Қанийди у кечасиям намоз ўқиса», дебдилар».
(Ровий) Солим айтади: «Шундан кейин Абдуллоҳ тунда озгина ухлайдиган бўлди». (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари қилган ушбу ривоятни яхшироқ тушуниш учун ундаги бир-икки жумлаларни алоҳида ўрганиб чиқишимиз керак бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Қарасам, у қудуққа ўхшаб, атрофи ўралган экан», деганлари «Тушимда кўрган дўзах қудуққа ўхшаган чуқур бўлиб, унинг атрофи худди тупроқ тушиб кетмаслиги учун қудуқнинг атрофи ўраб чиқилган экан», деганларидир. Албатта, бу васф тушда кўрилган нарса, ҳақиқатда дўзах ана шундай бўлади, деб айта олмаймиз.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг «Унинг қудуқнинг тиргагига ўхшаш икки тиргаги ҳам бор экан», деганлари «Қудуқнинг тепасига ундан сув тортиб олиш учун қурилган мосламага ўхшаш нарса ўша тушда кўрилган дўзахда ҳам бор экан», деганларидир.
Ушбу ривоятда келган тушни кўрган пайтларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ёш ўспирин бўлганлар. Ўзлари айтганларидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида ётиб юрганлар. Бу ҳодиса у кишининг опалари Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳо онамизнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанларидан кейин бўлган. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг тушлари яхши туш бўлганлиги учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни эшитганларидан сўнг Ҳафса онамизга:
«Агар кечаси намоз ўқиса, Абдуллоҳ қандоқ ҳам яхши одам!» деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу учун катта аҳамиятга эга бўлган. Сарвари оламдан бундай олиймақом гапни эшитиш қанчалик саодат эканлиги ҳаммамизга аён! Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Солиҳ одам», деб васф қилишлари битмас-туганмас фазл-ку!
Ривоятнинг охирида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуни яхши билган шахс, у кишининг ўғиллари Солим розияллоҳу анҳунинг «Абдуллоҳ кечаси озгина ухлар эди, холос», деган гаплари келмоқда. Бундан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гапларини эшитишлари билан умрларининг охирларигача унга оғишмай, амал қилишга ўтганликлари маълум бўлади. Мана шунинг ўзи ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу фазлларининг ёрқин бир кўринишидир. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари билан ёш ўспиринлик даврларидан бошлаб, кечаларни бедор бўлиб, нафл ибодат билан ўтказадиган обидлардан бирига айланганлар. Ёшлари улғайганида эса, ўз даврларининг кўзга кўринган обидларига айланганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўп вақтларини нафл намоз, Қуръон тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикри билан ўтказар эдилар. У киши Қуръони Карим тиловатидан мислсиз ҳузур топар эдилар. Ўзлари ўқисалар ҳам, бошқалардан эшитсалар ҳам, бирдек таъсирланар ва йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди.
Уламоларимиз Убайд ибн Умайр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бир куни Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга «Ҳар бир умматдан бир гувоҳ келтириб, сени уларнинг ҳаммасига гувоҳ этиб келтирган чоғимизда ҳол қандоқ бўлур?! Ўша кунда куфр келтирганлар ва Расулга исён қилганлар ерга қоришиб кетишни истарлар ва Аллоҳдан ҳеч гапни яшира олмаслар» оятларини ўқиб бердим. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу йиғлайвериб, кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кунлардан бир куни одамлар ичида ўтириб, «Вайл (вой) бўлсин, ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар. Ана шулар, албатта, қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми? Улуғ бир кунда. У кунда, одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар» оятларини қироат қилдилар.
Кейин «У кунда одамлар оламлар Роббиси ҳузурида тик турарлар» оятини қайта-қайта ўқий бошладилар. У кишининг кўзёшлари селдек оқар эди. Охири қаттиқ таъсирланганларидан ва йиғлайверганларидан ҳушларидан кетиб, йиқилдилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етук обид сифатида нафл намоз, хусусан, таҳажжуд намозига ҳам алоҳида эътибор берар эдилар.
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечасини намоз ўқиб ўтказар эди ва:
«Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» деб сўрар эди. У:
«Йўқ», дер эди. У киши яна намоз ўқишда давом этар эди. Сўнгра яна:
«Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» деб сўрар эди. У:
«Ҳа», дер эди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўтириб олиб, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эди».
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Муҳаммаддан ривоят қиладилар:
«Ибн Умар қачон кечаси уйғонса, намоз ўқир эди».
Яна Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Абу Ғолибдан ривоят қиладилар:
«Ибн Умар бизнинг олдимизга, Маккага келар эди. У кечаси таҳажжуд намози ўқиб чиқар эди. Бир куни кечаси субҳдан олдин менга:
«Эй Абу Ғолиб, туриб, намоз ўқимайсанми?! Ҳеч бўлмаса, Қуръоннинг учдан бирини қироат қил», деди.
«Тонг отай деб қолди-ку, қандоқ қилиб Қуръоннинг учдан бирини ўқийман?» дедим.
«Ихлос сураси – «Қул ҳуваллоҳу аҳад» Қуръоннинг учдан биридир», деди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақиқий обид ўлароқ, намозга катта эътибор билан қарар эдилар. У киши нафақат намоз ичида, балки намозга тегишли барча нарсага хушуъ билан қарар эдилар.
Ибн Саъд Зайд ибн Абдуллоҳ аш-Шайбонийдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу намозга кетаётганида жуда ҳам секин юришини кўрдим. Агар у билан бирор чумоли юрса ҳам, ундан ўтиб кетмаса керак, деб ўйлар эдим».
Ибн Саъд Восеъ ибн Ҳиббондан ривоят қилади:
«Ибн Умар намоз ўқиганида унинг ҳамма нарсаси қиблага қарашини яхши кўрар эди. Ҳаттоки бош бармоғини ҳам қиблага қаратиб турар эди».
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Товусдан ривоят қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаш ҳайъатда намоз ўқийдиган одамни кўрмадим. Унинг юзи ҳам, қўл-оёғи ҳам қиблага қараган бўлар эди.
Абу Нуъайм яна «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Абу Бурдадан ривоят қиладилар:
«Ибн Умарнинг ёнида намоз ўқидим. Саждага борганида, унинг:
«Эй Аллоҳим, Ўзингни менга энг маҳбуб нарса қилгин! Ўзингни мен учун энг қўрқадиган нарса қилгин!» деганини эшитдим. Яна унинг саждада туриб:
«Эй Роббим, менга берган неъматинг ҳаққи-ҳурмати, ҳаргиз жиноятчиларга ёрдамчи бўлмасман», деганини эшитдим. У киши:
«Мусулмон бўлганимдан буён қачон намоз ўқисам, унинг каффорат бўлишини умид қиламан», дер эди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу жамоат намозига алоҳида эътибор билан қарар эдилар. Имкон борича, бирор намозда ҳам жамоатдан қолмасликка ҳаракат қилар эдилар. Агар бирор намозни жамоат билан ўқий олмай қолсалар, ўша камчиликнинг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилар эдилар.
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Нофеъдан ривоят қиладилар:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу хуфтон намозини жамоат билан ўқий олмай қолса, кечанинг қолганини намоз ўқиб ўтказар эди».
Имом Тобароний ва Байҳақийларнинг ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бирор намозни жамоат билан ўқий олмаган бўлсалар, вақтни келаси намоз бўлгунча намоз ўқиб, ўтказар эканлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу обидларнинг кўзга кўринган имомларидан бўлиб, Аллоҳ таолонинг зикрига битмас-туганмас эҳтимом қилар эдилар. У киши Аллоҳ таолонинг зикрини қилишни бошқа кўпгина нафл ибодатлардан устун қўяр эдилар.
Ибн Абу Шайба раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни келтиради:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Эртаю кеч Аллоҳнинг зикрини қилиш Аллоҳнинг йўлида қилич синдиришдан ҳам, ҳовучлаб мол беришдан ҳам афзалдир» дер эдилар.
Имом Тобароний Муоз ибн Абдуллоҳ ибн Нофеъдан ривоят қилади:
«Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайра розияллоҳу анҳумлар бор мажлисда бўлдим. Абдуллоҳ ибн Абу Умайра:
«Мен Муоз ибн Жабалнинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Икки калима бор. Бири Аршга етмасдан тугамайди, иккинчиси осмон билан ернинг орасини тўлдиради: «Лаа илаҳа илаллоҳу, Аллоҳу акбар», деганларини эшитганман», деди.
«Сен ўзинг шундоқ деганларини эшитганмисан?» деди Ибн Умар Ибн Абу Умайрага.
«Ҳа», деди у. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳўнграб йиғлаб юборди. Унинг кўз ёшлари соқолини ҳўл қилди ва:
«Ўша икки калимани ёд биламиз ва кўп зикр қиламиз», деди».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ибодатнинг қайси турини адо қилаётган бўлсалар ҳам, хаёлларида ўзларини Аллоҳ таолонинг ҳузурида тургандек ҳис қилар эдилар.
Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Урва ибн Зубайрдан қуйидагиларни келтирадилар:
«Тавофда юрганимизда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг қизига совчилик қилдим. У сукут сақлади. Бирор оғиз сўз айтмади. Ўзимча:
«Рози бўлганида, жавоб берар эди. Аллоҳга қасамки, энди ўша қиз ҳақида унга бирор гап айтмайман», дедим. Тақдирнинг тақозоси ила у киши Мадинага мендан олдин борибди. Кейин мен келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига кирдим. Мен у кишига салом бердим ва менда бор ҳаққини адо қилдим. Олдига борган эдим, очиқ чеҳра билан кутиб олди ва:
«Қачон келдинг?» деди.
«Ҳозир келишим», дедим.
«Биз тавофда Аллоҳ азза ва жаллани кўз ўнгимизда хаёл қилиб юрганимизда Савда бинти Абдуллоҳни зикр қилгандек бўлдингми? Менга ўша ердан бошқа жойда учрасанг ҳам бўлаверар эди-ку?!» деди.
«Тақдир қилингани шу экан-да», дедим.
«Бугун қандоқ фикрдасан?» деди.
«Ҳар қачонгидан ҳам ҳарисроқман», дедим.
У киши икки ўғли: Солим ва Абдуллоҳни чақирди-да, менга қизини никоҳлаб қўйди».
Улуғ зотлардан Товус розияллоҳу анҳу:
«Ибн Умардан кўра тақволи, Ибн Аббосдан кўра билувчироқ кишини кўрмадим», дейдилар.
Улуғ зотлардан Нофеъ айтадилар:
«Агар Ибн Умарга дунё ишларида бирор нарса қаттиқ бўлиб қолса, Роббиларига яқин бўлар эдилар».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз ибодатлари билан Аллоҳ таолога қурбат қилганлари туфайли дуолари ҳам мақбул зотга айланган эдилар.
Ибн Асокир Ибн Шавзабдан ривоят қилади:
«Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга Зиёд Ҳижозга боришни ирода қилгани ҳақидаги хабар етди. Бас, у киши унинг султонида бўлишни ёқтирмади ва:
«Аллоҳим! Албатта, сен ўз халқингдан кимни хоҳласанг, қатлда каффоратни жорий қилгансан. Ибн Сумайяга қатлни эмас, ўлимни бергин», деди.
Бас, унинг бармоғига ўлат яраси чиқди ва бир жума ўтмасдан ўлди».
Зиёд ўша вақтдаги золимлик ила ном чиқарган ҳукмдорлардан бирининг номи.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳунинг «Аллоҳим! Албатта, сен ўз халқингдан кимни хоҳласанг, қатлда каффоратни жорий қилгансан» деган гапларида баъзи кишилар бошқалар томонидан ўлдирилса, унинг бу тарзда ўлиши гуноҳларига каффорот бўлиб уларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлади, деган маъно бор.
«Ибн Сумайя» Зиёднинг куняси. Сумайянинг ўғли дегани.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етмиш учинчи ҳижрий санада, саксон уч ёшларида Маккаи Мукаррамада вафот этдилар. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин. Омин!
1182 - وَعَنْ سَالِمِ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ بْنِ الخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ، عَنْ أَبِيِهِ: أَنَّ النَّبِيَّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «نِعْمَ الرَّجُلُ عَبْدُ اللهِ لَوْ كَانَ يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ» قَالَ سَالِمٌ: فَكَانَ عَبْدُ اللهِ بَعْدَ ذَلِكَ لَا يَنَامُ مِنَ اللَّيْلِ إِلَّا قَلِيلًا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1122، م 2479].