1184. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида туни билан, тонг отгунча ухлайдиган киши зикр қилинганида, у зот: “У кишининг икки ёки бир қулоғига шайтон бавл қилиб қўйгандир”, дедилар”.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Таҳажжуд намозига турмай ухлаб ётиш қанчалик ёмон нарса эканини шу ҳадисдан билиб олса бўлади. Чунки бу шайтоннинг таъсиридандир. Аллоҳнинг ҳақларини паймол қилиш шайтон ва нафс каби душманларни ғов бўлишига олиб келади. Оқибатда таҳажжуд намозига тура олмайди.
Таҳажжуд намозига ўз вақтида туриш учун зарур бўлган баъзи бир амалий воситалар баёни:
– Таҳажжуд намозига оид илмий асосларни ёдга олиш.
– Таҳажжуд намозининг фазилатларини билиш.
– Кечки уйқудан олдин ният ва ирода бўлишлиги.
– Уйқу олдидан кўп еб-ичишдан сақланиш. Чунки, тунда тӯқ қоринга таҳажжуд намозига уйғониш амри маҳолдир.
– Гуноҳлардан четланиб юриш ҳам тунги намозга туришга сабаб бўлади. Бир киши Ҳасан Басрига: «Эй Абу Саъид, менга нима бўлдики, таҳорат билан ётсам ҳам таҳажжудга (тунги намозга) тура олмаяпман» деганида, у зот: «Гуноҳларинг сени боғлаб қўйибди. Сен кундузингни тўғирласанг тунинг сен учун тўғриланади», деб жавоб берибдилар.
– Таҳажжуд намозига туришни ният қилган киши ўша кечаси эртароқ таҳорат билан ётиши керак.
– Ғафлатга олиб борадиган ишлардан йироқ бўлиш, масалан ярим кечагача улфатлар билан гурунглашиш, замонавий алоқа воситалари сабабли вақтни бекор ўтказиш ва ҳоказо.
– Пешин билан аср ўртасида имкон қадар қайлула қилиш, яъни бир оз дам олиб, ухлаб олиш суннатга мувофиқ бўлиб, бу таҳажжуд ва бомдод намозига ўз вақтида туришга сабаб бўлади.
Албатта таҳажжуд намозини барпо қилиш секин-асталик билан амалга оширилади. Зеро, ҳозирда кун қисқариб, тун узайиб бормоқда. Бу намозни олдинига ҳафтада бир марта, кейин икки марта ўқилиб, шу билан одатий ҳолга айлантирилса, худди ҳадисда зикр қилингандек, шояд мўминларнинг шарафлисидан бўлсак, иншааллоҳ.
1184 - وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذُكِرَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ رَجُلٌ نَامَ لَيْلَةً حَتَّى أَصْبَحَ، قَالَ: «ذَاكَ رَجُلٌ بَالَ الشَّيْطَانُ فِي أُذُنَيْهِ» أَوْ قَالَ: «فِي أُذُنِهِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3270، م 774].