1192. Яна у киши розияллоҳ анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан оширмасдилар. Тўрт ракъат намоз ўқирдилар. Унинг чиройлилиги ва узунлиги ҳақида сўрамай қўявер. Кейин яна тўрт ракъат намоз ўқирдилар. Унинг чиройлилиги ва узунлиги ҳақида сўрамай қўявер. Сўнгра уч ракъат намоз ўқирдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, витр ўқимай туриб ухлайсизми?» деган эдим, «Эй Оиша, менинг кўзларим ухлайди, қалбим ухламайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Оиша розияллоҳу анҳонинг «Рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатдан оширмасдилар» дегани таҳажжудга тегишли. Зеро, таровеҳ уйқудан олдин, таҳажжуд эса уйқудан кейин ўқиладиган намоздир.
Ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1. Тунги намозни тўрт ракатдан ўқиса ҳам жоиз.
Имом Абу ҳанифа ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, тунги намоз тўрт ракатли бўлгани афзал, дейдилар.
2. Тунги намозни узун ва чиройли қилиб ўқиш кераклиги.
3. Витр намозининг уч ракат экани.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламаслиги.
5. Ҳанафий мазҳабидагилар ушбу ҳадисга биноан витрни уч ракат ўқишади.
1192 – وَعَنْهَا رَضِيَ الله عَنْهَا قَالَتْ: مَا كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَزِيدُ - فِي رَمَضَانَ وَلَا فِي غَيْرِهِ - عَلَى إِحْدَى عَشْرَةَ رَكْعَةً: يُصَلِّي أَرْبَعاً فَلَا تَسْأَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي أَرْبَعاً فَلَا تَسْأَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ، ثُمَّ يُصَلِّي ثَلَاثاً، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ أَتَنَامُ قَبْلَ أَنْ تُوتِرَ؟! فَقَالَ: «يَا عَائِشَةُ؛ إِنَّ عَيْنَيَّ تَنَامَانِ وَلَا يَنَامُ قَلْبِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1147، م 738].