1204-ҳадис

1204. Яна у киши ва Абу Саъид розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эр кечаси аёлини уйғотиб, иккови намоз ўқишса – ёки иккови икки ракъат ўқишса – зокир ва зокиралар (Яъни, Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар) қаторига ёзиладилар».

Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилдилар.

Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони карим қуйидаги оятида зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтган.

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир» (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак. 

Демак, эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намозини ўқишса, Аллоҳ Қуръонда мақтаган «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар», деган мақомга эришар экан.

Имом Нававий Азкор китобида қуйидаги сўзларни нақл қиладилар:

Имом Абул Ҳасан Воҳидий айтадилар: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Бу оятдаги зикр қилувчилардан мурод ҳар бир намоз сўнгида ва кечасию кундузи, тўшакда, уйқудан уйғонганда, ҳар гал манзилдан чиққанда Аллоҳни ёд этувчилардир», дедилар».

Мужоҳид эса: «Тик турганида,  ўтирганида, ёнбошлаганида Аллоҳни зикр қилмаган эркак ёки аёл ҳақиқий зокир бўла олмайди», деганлар.

Ато айтадилар: «Ким беш вақт намозни ҳақларини адо этиб ўқиса, у киши Аллоҳнинг оятидаги зикр қилувчилар сирасига киради».

1204 - وَعَنْهُ وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَا: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَيْقَظَ الرَّجُلُ أَهْلَهُ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّيَا - أَوْ صَلَّى - رَكْعَتَينِ جَمِيعاً، كُتِبَا فِي الذَّاكِرِينَ وَالذَّكِرَاتِ». رَوَاهُ أبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ [1309].


Улашиш
|
|
Нусха олиш