1221. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мисвок оғизни тозалаб, Роббни рози қилур», дедилар.
Имом Насаий ва Ибн Ҳузайма саҳиҳ китобида саҳиҳ санадлар билан ривоят қилишди.
Шарҳ: Мисвок ҳадисда айтилганидек, оғизни покловчидир. Оғизни пок тутиш инсон соғлиги учун қанчалик зарур эканини ғайримусулмонлар эндигина тушунишди. Таом еган, турли ичимликлар ичган одамнинг оғзида, тишларида қолган чиқиндилар ўз вақтида тозалаб турилмаса, беморлик ва зарарга сабаб бўлиши энди ҳаммага маълум.
Шу билан бирга мисвок:
«Роббни рози қилувчидир».
Яъни, ким мисвок қилса, тозаликка риоя қилгани, дин-шариатнинг амрини амалга оширгани, мисвок қилиш ибодатини адо этгани учун Аллоҳ таоло ундан рози бўлар экан.
Ислом дини афзаллигини қаранг, инсоннинг ўзи учун ўта фойдали ишни, соғлиги учун керакли ва ҳусни-жамоли учун зарур нарсани бир йўла Аллоҳ таолони рози қиладиган иш қилиб қўйибди. Шариатнинг амрини бажарадиган мусулмонни ҳам соғлик-саломатлигини яхшилаб, ҳам ажру савоб оладиган қилиб қўйибди. Бу ҳолат дунёдаги ҳеч бир тузумда ёки динда йўқ.
Афсуски, мисвокнинг ҳақиқатини, ҳадиси шарифдаги руҳини тўла ва тўғри тушуниб, унга амал қилаётганларимиз жуда оздир.
Баъзиларимиз арокдан ёки бошқа дарахтдан мисвок қилиб, уни ёнимиздан қўймай олиб ҳам юрамиз. Ҳар таҳоратда мисвок ҳам қиламиз. Лекин мисвок, деганда ўша чўпни тишга тегизиб қўйиш, деб тушунамиз. Шунинг учун ҳам ҳар таҳоратда мисвок қилсак ҳам тишларимиз сарғайиб юради. Мисвокимиздан ҳадисда кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди.
Баъзи бирларимиз мисвок қиламиз, қилганда ҳам яхшилаб, замонавий воситаларни ишга солиб қиламиз. Тишларимизни иложи борича ялтиратишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу ишни фақат урфни деб, чиройли бўлишни кўзлабгина қиламиз. Мисвокни ибодат учун қилмаймиз, Роббни рози қилиш учун қилмаймиз.
Ушбу ҳадиси шарифга тўлиқ амал қиладиган бўлсак, биз мусулмонлар дунёда энг оғзи пок, тиши энг тоза ва чиройли, ўзи энг соғ ва бу ишлари учун Аллоҳ таолонинг розилигини олган кишилар бўламиз. Шунинг учун ҳаракат қилайлик.
1221 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «السِّوَاكُ مَطْهَرَةٌ لْلَفَمِ، مَرْضَاةٌ للرَّبِّ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ، وَابْنُ خُزَيمَةَ فِي «صَحِيحِهِ» بِأَسَانِيدَ صَحِيحَةٍ [سك 4، خز 135][ وَذَكَـرَ البُخَارِيُّ رَحِمَهُ اللهُ فِي «صَحِيحِهِ» هَذَا الحَدِيثُ تَعْلِيقاً [في كتاب الصوم، باب سواك الرطب واليابس للصائم] بِصِيغَةِ الجَزْمِ، فَقَالَ: وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا.... إلى آخر الحديث.
].