1226-ҳадис

1226. Талҳа ибн Убайдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Нажд аҳлидан сочлари тўзиган бир киши келди. Овозининг ғўлдирашини эшитар эдик, нима деяётганини эса фаҳмламас эдик. Ниҳоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келди. Қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кеча-кундузда беш маҳал намоз», дедилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди. «Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳам», дедилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди. «Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар. «Зиммамда бундан бошқаси ҳам борми?» деди у. «Йўқ, лекин ўз ихтиёринг билан қилишинг (мумкин)», дедилар. 

Шунда ўша одам: «Аллоҳга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар гапида турса, нажот топди», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Биз масжидда ўтирган эдик. Бирдан бир одам туя миниб масжидга кириб келди. Туясини чўктириб, тушди-да, қайси бирингиз Муҳаммад, мен – Бани Саъд ибн Бакрлик Замом ибн Саълабаман», деди», дейилган.

Нажд араб юртларидан бирининг номи бўлиб, Туҳама билан Ироқнинг орасида жойлашган. Ҳозирда Саудия Арабистони ҳудудига қарашли бўлиб, ўша вақтларда наждликлар саҳровий бўлишган. Ҳадису шарифда: 

«Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эдию, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди», деб васф қилиниши ҳам шуни кўрсатади. 

Замом ибн Саълаба яқин келиб, яхшироқ гапирганидан кейингина унинг Ислом ҳақида сўраётгани англанди. Пайғамбаримиз унга намоз, рўза ва закотни баён қилиб бердилар. Унинг саволларига ҳам жавоб бердилар, бошқа ривоятларда келтирилишича, шариат амалларини баён қилиб бердилар.

Суҳбатнинг охирига келиб, Замом ибн Саълаба Пайғамбаримиз баён қилиб берган ўша нарсаларга оширмай ҳам, камайтирмай ҳам тўлиқ ва тўғри амал қилишга аҳд қилиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, чиқиб кетади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Агар гапида турса, нажот топди», дедилар».

Ўша инсоннинг икки дунёдаги ютуғига сабаб бўладиган шариат амалларининг биринчиси сифатида намоз зикр қилингани учун ҳам бу ҳадис ушбу фаслда келтирилди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Исломнинг ҳукмларини ўрганиш учун зарур бўлса, узоқ юртларга вақт, куч, маблағ сарфлаб сафар қилиш кераклиги.

2. Саҳройи одамнинг содда ва тўғри бўлиши.

3. Намоз Исломнинг рукнларидан бири экани.

4. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз экани.

5. Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқлиги.

6. Рамазон рўзаси Исломнинг рукнларидан бири экани.

7. Рамазон рўзасидан бошқа фарз рўза йўқлиги.

8. Закот Исломнинг рукнларидан бири экани.

9. Закотдан бошқа молиявий фарз ибодат йўқлиги.

10. Зарурат бўлмаса ҳам Аллоҳнинг номи ила қасам ичиш мумкинлиги. 

Замом ибн Саълаба шундоқ қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса инкор қилмадилар.

11. Мазкур нарсаларни тўлиқ ва доимий адо этиш ютуққа сабаб бўлиши.

12. Ушбу ҳадисда иймон келтирса, бўлди, амал қилмаса ҳам, намоз ўқиб, рўза тутмаса ҳам бўлаверади, дейдиган ботил Муржиъа мазҳабига кучли раддия бор.

Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган нарсалардан яна бири ютуққа эришиш учун сабаб бўладиган амаллар фақат намоз, рўза ва закотдангина иборат эмас. Шу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган бошқа ривоятида: 

«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом шариати ҳақида хабар бердилар. У эса «Аллоҳ менга фарз қилган нарсалардан кам ҳам, зиёда ҳам қилмайман, деб қайтиб кетди», дейилади. 

Ислом шариати ва Аллоҳ фарз қилган нарсалар мазкур уч амаллардан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига олиши ҳаммага маълум.

Усул қоидаси бўйича, бир ҳадисни икки ровий ривоят қилган бўлса, улардан бирида зиёда бўлса ва ўша зиёда иккинчи ривоятни ўзгартирмайдиган бўлса, у қабул қилинади. Чунки ровийлар ҳадиснинг бир қисмини эшитмай қолган, унутган ёки ҳолатга қараб, қисқартириб айтган бўлади. 

Мисол учун, намоз ҳақида сўз бораётган мажлисда ўзи билган узун ҳадиснинг намозга тегишли жойини айтган бўлиши мумкин қолаверса, бошқа оят ва ҳадисларда баёни келган фарзларни ҳам унутмаслигимиз керак.

1226 - وَعَنْ طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مِنْ أَهْلِ نَجْدٍ ثَائِرُ الرَّأْسِ، نَسَمْعُ دَوِيَّ صَوْتِهِ، وَلَا نَفْقَهُ مَا يَقُولُ، حَتَّى دَنَا مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ؛ فَإِذَا هُوَ يَسْأَلُ عَنِ الإِسْلَامِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «خَمْسُ صَلَوَاتٍ فِي اليَوْمِ وَاللَّيْلَةِ» قَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهُنَّ؟ قَالَ: «لَا، إِلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ» فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَصِيَامُ شَهْرِ رَمَضَانَ» قَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهُ؟ قَالَ: «لَا، إِلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ» قَالَ: وَذَكَرَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، الزَّكَاةَ فَقَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهَا؟ قَالَ: «لَا، إلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ» فَأَدْبَرَ الرَّجُلُ وَهُوَ يَقُولُ: وَاللهِ؛ لَا أَزِيدُ عَلَى هَذَا وَلاَ أَنْقُصُ مِنْهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَفْلَحَ إِنْ صَدَقَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 46، م 11].


Улашиш
|
|
Нусха олиш