1229. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу (халифа) бўлгач, араблардан кофир бўлгани кофир бўлди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу деди: «Қандай қилиб одамларга қарши уруш қиласиз? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демагунларича одамларга уруш қилишга буюрилдим. Ким шуни айтса, шубҳасиз, мендан молини ва жонини сақлабди. Фақат (Ислом) ҳаққи мустаснодир, унинг ҳисоби эса Аллоҳга ҳавола», деганлар-ку?!».
Шунда (Абу Бакр): «Аллоҳга қасамки, намоз билан закотнинг орасини ажратганларга қарши албатта уруш қиламан, чунки закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бериб келишган биргина улоқни менга бермасалар, ўшанинг берилмагани учун ҳам уларга қарши албатта уруш қиламан», деди.
Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, бу Аллоҳ Абу Бакрнинг қалбини очиб қўйганидан бошқа нарса эмас эди. Мен унинг ҳақ эканини билдим».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилиб, у зотдан кейин Абу Бакр халифа бўлганида араблардан ким кофир бўлса бўлди» деган жумлани бир оз шарҳ қилиш лозим. Ўшанда диндан қайтиш бир неча хил тарзда содир бўлган.
Баъзи араблар яна буту санамларга ибодат қилишга, мушрикликка қайтган бўлсалар, бир гуруҳ кишилар Мусайламатул Каззоб, Сажоҳ, Тулайҳа ал-Асадий каби сохта пайғамбарларга эргашдилар.
Учинчи бир турлари эса, Исломнинг ҳамма шартларини бажариб туриб, фақат закот беришдан бош тортдилар. Улар «биз закотни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдик. Энди у вафот этди, закот оладиган одам қолмади», дейишди.
Ҳозирги мавзуимизда бизга айни шулар керак. Ушбу ҳадисимизда ана шулар ҳақида сўз кетмоқда.
Баъзи қабилалар закот беришдан бош тортишлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уларга қарши уруш эълон қилдилар. Халифанинг бу ишига саҳобалардан ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қарши чиқдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ривоятдаги:
«Токи одамлар «Лаа илаҳа иллаллоҳ» дегунларича уруш қилишга амр қилиндим. Ким уни айтса, шубҳасиз, мендан молини ва жонини сақлаган бўлади», деган гапларини далил қилиб келтирдилар.
«Қандоқ қилиб «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб турган одамларга қарши уриш қиласан?!» дедилар ҳазрати Умар халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга. Бунинг устига улар намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилиб, яна бошқа ибодат ва амалларни адо этар эдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва бошқа барча саҳобаларнинг бунчалик қаттиқ туришлари бежиз эмас эди. Уларнинг бу борада жуда ҳам кучли далиллари бор эди:
1. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ҳаттоки «Лаа илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтиргунларича, намозни қоим қилиб, закотни бергунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Агар ўшани қилсалар, мендан қонларини сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳақи ила бўлса бундан мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.
2. Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насаийлар Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар ҳаттоки «Лаа илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат келтиргунларича ва менга ҳамда мен келтирган нарсага иймон келтиргунларича уларга қарши уруш қилишга амр қилиндим. Қачон шуни қилсалар, мендан қонлари ва молларини сақлаган бўладилар. Фақат ҳақи билан бўлса, бундан мустасно. ҳисоблари эса Аллоҳнинг зиммасида», деганлар.
3. «Фақат ҳақи билан бўлса бундан мустасно» дейилган жумла ҳазрати Умар далил қилиб келтираётган ҳадисда ҳам бор эди. Закот бермаганларнинг қони тўкилиши ҳақ эканлиги шунга кирар эди.
Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар дарҳол ўз фикрларидан қайтдилар ва кўпчиликнинг фикрига қўшилдилар.
4. Саҳобаларнинг ижмоси – ҳаммалари бир фикрга келиб қарор қилишлари кучли ҳужжат бўлади.
Шундай қилиб, Ислом тарихида «Ридда урушлари» номи билан машҳур урушлар бошланди. Бу урушларда кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилди. Ўша қони тўкилганларнинг баъзилари закотини бермаганлари учун шу ҳолга тушдилар. Чунки улар Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига исён ҳамда, бева-бечора, фақир ва мискинларнинг ҳақларига хиёнат қилган эдилар. Улар Аллоҳ таоло берган неъматнинг шукрини қилмай, омонатга хиёнат қилдилар, шунинг учун ҳам уларнинг қонини тўкиш жоиз кўрилди.
Иккинчи томондан, саҳоба ва тобеинларнинг қонлари тўкилди. Аммо ҳақ йўлида, бева-бечора, фақирлар ҳақини ҳимоя қилиш йўлида тўкилган қон бекор кетмайди. ҳақиқатан ҳам, Аллоҳнинг йўлида, ер юзида илоҳий адолатни ўрнатиш йўлида берилган жон ўлган саналмайди.
Демак, Исломда закотни беришдан бош тортган гуруҳларга қарши уруш қилиб бўлса ҳам, уни олишга ҳаракат қилинади.
1229 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَكَانَ أَبُو بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، وَكَفَرَ مَنْ كَفَرَ مِنَ العَرَبِ فَقَالَ عُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: كَيْفَ تُقَاتِلُ النَّاسَ وَقَدْ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، فَمَنْ قَالهَا فَقَدْ عَصَمَ مِنِّي مَالَهُ وَنَفْسَهُ إِلَّا بِحَقِّهِ، وَحِسَابُهُ عَلَى اللهِ؟!» فَقَالَ: وَاللهِ؛ لأُقَاتِلَنَّ مَنْ فَرَّقَ بَيْنَ الصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ؛ فَإِنَّ الزَّكَاةَ حَقُّ الْمَالِ، وَاللهِ؛ لَوْ مَنَعُونِي عِقَالًا كَانَوا يُؤَدُّونَهُ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ لَقَاتَلْتُهُمْ عَلَى مَنْعِهِ، قَالَ عُمَرُ: فَوَاللهِ؛ مَا هُوَ إِلَّا أَنْ رَأَيْتُ اللهَ قَدْ شَرَحَ صَدْرَ أَبِي بَكْرٍ للقِتَالِ، فَعَرَفْتُ أَنَّهُ الحَقُّ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1399، م 20].