1231-ҳадис

1231. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Мени бир амалга йўллаб қўйингки, уни қилсам, жаннатга кирай», деди. У зот: «Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, намозни тўкис адо этасан, фарз қилинган закотни адо этасан ва Рамазон(рўзаси)ни тутасан», дедилар. У: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда қилмайман», деди. У қайтар экан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни жаннат аҳлидан бўлган одамга қараш хурсанд қилса, мана шунга қарасин», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги сўровчи ким эканини билишга уринган уламоларимиз бу савол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча киши томонидан такрор-такрор берилганини аниқлашган. 

Имом Бухорийнинг ривоятларида «бир аъробий» дейилган. Ўша аъробийнинг исми Саъд ибн Аҳрам бўлиб, кейинроқ у Куфага бориб яшаган.

Бу ҳадиси шарифга ўхшаш ҳадислар иймон ёки намоз китобларида келган бўлиб, мақомга ва мавзуга қараб шарҳ этилган эди. 

Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу тоифа ҳадислар, яъни, кишини жаннатга киритадиган амалларга оид ҳадислар бир-биридан фарқли эканини мулоҳаза қиламиз. Баъзиларида Ислом арконлари, фарз амаллар тўлиқ зикр қилинади. Баъзиларида эса, айрим арконларгина тилга олиниб қолганлари эсланмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. 

Аввало, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ҳолига, унинг тўғрисидаги маълумотларга, олдинги суҳбатларга ва бошқа омилларга қараб муомала қилганлар. 

Мисол учун, ушбу тоифадаги ҳадисларнинг бирида иймон ҳақида гап йўқ. Бу иймони йўқ бўлса ҳам жаннатга кираверади, дегани эмас. Бундан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сўровчи ўртасида иймон ҳақида алоҳида суҳбат бўлиб ўтган,  шундан кейингина бу савол берилган. 

Шунга ўхшаб, биз ҳозир ўрганаётган ҳадисда ҳаж зикр қилинмаган. Бу ҳаж жаннатга киритадиган амаллар ичида йўқ, дегани эмас. Ушбу савол берилган вақтда ҳаж фарз бўлмагани учун Пайғамбар алайҳиссалом ҳажни зикр қилмаганлар.

Энг муҳим омил ҳадисни ривоят қилувчиларга бориб тақалади. Ҳар бир ровий ўзи эшитган ва ёдлаб қолган нарсани ривоят қилади. Вазиятга қараб, ҳолат тақозо қилган жойини айтиб, бошқасини айтмаган бўлади.

1231 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ أَعْرَابِيّاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ دُلَّني عَلَى عَمَلٍ إِذَا عَمِلْتُهُ دَخَلْتُ الجَنَّةَ، قَالَ: «تَعْبُدُ اللهَ وَلَا تُشْرِكُ بِهِ شَيْئاً، وَتُقِيمُ الصَّلَاةَ، وَتُؤْتِي الزَّكَاةَ الْمَفْرُوضَةَ، وَتَصُومُ رَمَضَانَ» قَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ؛ لَا أَزِيدُ عَلَى هَذَا. فَلَمَّا وَلَّى قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ سَرَّهُ أَنْ يَنْظُرَ إِلَى رَجُلٍ مِنْ أَهْلِ الجَنَّةِ فَلْيَنْظُرْ إِلَى هَذَا». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1397، م 56].


Улашиш
|
|
Нусха олиш