1233-ҳадис

1233. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қай бир тилло ёки кумуш эгаси унинг ҳаққини адо этмаса, қиёмат куни унинг учун оловли лаппаклар қилиниб, жаҳаннам оловида қиздирилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда бандаларнинг орасида ҳукм чиқарилиб, у ё жаннат, ё дўзах сари ўз йўлини  кўрмагунича улар билан унинг ёнбоши, пешонаси ва орқаси куйдирилаверади. Совиши билан яна қайтарилаверади». 

«Эй Аллоҳнинг Расули, туячи?» дейишди. 

У зот шундай дедилар: « Қай бир туя эгаси ундан ҳаққини адо қилмаса, – суғорадиган куни уни соғиш ҳам унинг ҳақларидандир – қиёмат куни у кенг, сип-силлиқ ерга юзтубан ташланади. (Туялари) энг етилган ҳолатларида келишади, бирорта бўталоғи ҳам қолмай уни туёқлари билан депсашади, оғизлари билан тишлашади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда бандаларнинг орасида ҳукм чиқарилиб, у ё жаннат, ё дўзахга борадиган йўлини  кўрмагунича биринчиси устидан ўтса, охиргиси қайтарилаверади». 

«Эй Аллоҳнинг Расули, мол ва қўйчи?» дейишди. 

У зот шундай дедилар: «Қай бир мол ва қўй эгаси ундан ҳаққини адо қилмаса, қиёмат куни у кенг, сип-силлиқ ерга юзтубан ташланади. (Мол ва қўйидан) бирортаси қолмай уни шохлари билан сузишади, туёқлари билан тепкилашади. Уларнинг орасида қайрилма шохи, тўқоли ва синиқшохи бўлмайди. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда бандаларнинг орасида ҳукм чиқарилиб, у ё жаннат, ё дўзахга борадиган йўлини  кўрмагунича биринчиси устидан ўтса, охиргиси қайтарилаверади», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, от-чи?» дейишди. 

У зот шундай дедилар: «От уч хил бўлади. От бир киши учун гуноҳ бўлади, бир киши учун тўсиқ бўлади, бир киши учун эса ажр бўлади. У (яъни от) ўзи учун гуноҳ бўладигани уни риё, фахр ва Ислом аҳлига душманлик учун боғлаган киши бўлиб, у унинг учун гуноҳдир. Тўсиқ бўладигани эса уни Аллоҳ йўлида боғлаган, унинг бели ва гарданидаги Аллоҳнинг ҳаққини унутмаган киши бўлиб, у унинг учун тўсиқдир. Ажр бўладиганига келсак, уни Ислом аҳли учун яйлов ёки ўтлоққа боғлаган киши бўлиб, у ўша яйлов ва ўтлоқдан ер экан, қанча еса, унга шунча ҳасанот ёзилади. Унга унинг тезак ва пешоблари миқдорича ҳасанот ёзилади. Арқонини узиб, бирикки қир ошиб, ўйноқлаб кетса, излари ва тезаклари сонича унга ҳасанот ёзилади. Эгаси уни бир дарё олдидан олиб ўтаётиб, уни суғормоқчи бўлмаса ҳам, у ундан ичса, ичгани миқдорича унга ҳасанот ёзилади».

«Эй Аллоҳнинг Расули, эшакларчи?» дейишди. 

У зот шундай дедилар: «Менга эшаклар ҳақида мана бу нодир, қамровли оятдан бошқа нарса нозил қилинмаган: «Бас, ким зарра оғирлигича яхшилик қилса, уни кўради. Ким зарра оғирлигича ёмонлик қилса, уни кўради» (Залзала сураси, 7-8-оятлар).

Муттафақун алайҳ. Бу ҳадис лафзи Муслимники.

Шарҳ: Бу ерда «боғлаш» деганда отни сақлаш, боқиш тушунилади. Аллоҳ таолонинг отнинг гарданидаги ҳаққи нисобга етганида закотини беришдир. Белидаги ҳаққи эса унга ортиқча юк ортиб, жабр қилмаслик ҳамда уни Аллоҳ рози бўладиган ишларга минишдир.

Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандоқ бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда. 

Қиёмат кунининг сифатларидан бири миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий экани ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан санаганда ана шунча муддат ўтади.

Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совуб қолса яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда эллик минг йил давом этар экан. 

Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахга бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоб билан қутулиб қолар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб берадилар. 

Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўй эгалари закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандоқ бўлишини сўрайдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб берадилар.

Ушбу ҳадисда закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли Маҳшар кунида қандоқ бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан. 

Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун  бу дунёда вақтида закотни адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.

Ушбу ҳадисдан Маҳшар кунида жаннат ёки дўзахга киришдан олдин бандалар қилган гуноҳларига қараб турли азоблар тортишлари маълум бўлмоқда. Аллоҳ ўша кунда юзимизни ёруғ қилсин!

Ушбу ҳадиси шарифдаги жуда муҳим бир масалага эътибор бермоғимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшаклар закоти ҳақидаги саволга «Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади», деб жавоб бермоқдалар. 

Маълумки, Қуръони каримда закотнинг фарзлиги, уни адо қилиш лозимлиги, адо қилганлар ажру савобга, жаннатга эришишлари, адо этмаганлар эса гуноҳкори азим бўлиб, охиратда азоб-уқубатга дучор бўлишлари ҳақида сўз боради. Лекин қайси моллар қанча миқдорга етганда улардан қанча закот чиқарилиши фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган.

Қайси моллардан қанча миқдорда закот чиқарилиши ва шунга ўхшаш нарсалар фақат ҳадисларда келиши бу нарсаларни Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг шахсий фикрлари билан тайин қилган экан-да, деган фикрга олиб бормаслиги керак. Бундоқ фикр мутлақо нотўғри бўлади. 

Бу нарсаларнинг ҳаммаси Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан келган. Бирортасини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан айтмаганлар. Агар у зот ўзлари айтадиган бўлганларида ушбу ривоятда зикр қилинаётган «эшакларга закот борми?» деган саволга: «Менга улар ҳақида ҳеч нарса келмади», демас эдилар. Ўзлари ижтиҳод қилиб, айтиб берган бўлар эдилар. 

Ҳа, шаръий ҳукмлар ҳаммаси Аллоҳ томонидан келган. Бир қисми Қуръон шаклида, бир қисми суннат шаклида келган. Ушбу улкан ҳақиқат бир лаҳза ҳам ёддан кўтарилмаслиги керак.

Пайғамбар алайҳиссалом эшаклар закоти ҳақида ўзларига бирор нарса келмаганини айтиш билан улкан жасорат ва камтарлик кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини «билмайман», деб айтдилар. Бу ҳолат билиб-билмай фатво чиқарувчиларга сабоқ бўлиши керак.

Лекин Пайғамбар алайҳиссалом озгина бўлса ҳам яхшилик қилиб, ёмонликдан четда бўлиш кераклиги ҳақидаги оятни ўқиб қўйдилар. Шу билан бу масала яхшиликка мойил томонга юритилиши кераклигига ишора бўлиб қолди. Афтидан, бу масала ўша вақтларда қайтадан кўтарилмаганга ўхшайди. 

Аммо вақт ўтиши билан Ислом давлати чегаралари кенгайиб, турли янги масалалар пайдо бўлиб, уларни ҳал қилишга тўғри келганида бу масалага ҳам қайтилди. Фуқаҳоларимиз умумий далил ва қоидаларни ишга солиб, эшак тижорат учун бўлса, закот берилади, бўлмаса, йўқ, дедилар.

1233 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ القِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحُ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ، حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ العِبَادِ فَيُرَى سَبِيلُهُ، إِمَّا إِلَى الجَنَّةِ، وَإِمَّا إِلَى النَّارِ».

قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ فَالإِبِلُ؟ قَالَ: «وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا - وَمِنْ حَقِّهَا حَلْبُهَا يَومَ وِرْدِهَا - إِلَّا إِذَا كَانَ يَومُ القِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ، لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِداً، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا، وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُوْلَاهَا، رَدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَومٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ، حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ العِبَادِ، فَيُرَى سَبِيلُهُ، إِمَّا إِلَى الجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ».

قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ فَالْبَقَرُ وَالغَنَمُ؟ قَالَ: «وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ القِيَامَةِ، بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ، لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئاً لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ، وَلَا جَلْحَاءُ، وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُوْلَاهَا، رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَومٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ العِبَادِ، فيُرَى سَبِيلُهُ، إِمَّا إِلَى الجَنَّةِ، وَإِمَّا إِلَى النَّارِ».

قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ فَالخَيْلُ؟ قَالَ: «الخَيْلُ ثَلَاثَةٌ: هِيَ لِرَجُلٍ وِزرٌ، وَهِيَ لِرَجُلٍ سِتْرٌ، وَهِيَ لِرَجُلٍ أَجْرٌ؛ فَأَمَّا الَّتِي هِيَ لَهُ وِزْرٌ فَرَجُلٌ رَبَطَهَا رِيَاءً وَفَخْراً وَنِوَاءً عَلَى أَهْلِ الإِسْلَامِ، فَهِيَ لَهُ وِزرٌ، وَأَمَّا الَّتِي هِيَ لَهُ سِتْرٌ: فَرَجُلٌ رَبَطَهَا فِي سَبِيلِ اللهِ، ثُمَّ لَمْ يَنْسَ حَقَّ اللهِ فِي ظُهُورِهَا، وَلَا رِقَابِهَا؛ فَهِيَ لَهُ سِتْرٌ، وَأَمَّا الَّتِي هِيَ لَهُ أَجْرٌ: فَرَجُلٌ رَبَطَهَا فِي سَبِيلِ اللهِ لأَهْلِ الإِسْلَامِ فِي مَرْجٍ وَرَوضَةٍ، فَمَا أَكَلَتْ مِنْ ذَلِكَ الْمَرْجِ أَوِ الرَّوضَةِ مِنْ شَيْءٍ إِلَّا كُتِبَ لَهُ عَدَدَ مَا أَكَلَتْ حَسَـــنَاتٌ، وَكُتِبَ لَهُ عَدَدَ أَرْوَاثِهَا وَأَبْوَالِهَا حَسَنَاتٌ، وَلَا تَقْطَعُ طِوَلَهَا فَاسْتَنَّتْ شَرَفاً أَوْ شَرَفَيْنِ إِلَّا كَتَبَ اللهُ لَهُ عَدَدَ آثَارِهَا وَأَرْوَاثِهَا حَسَنَاتٍ، وَلَا مَرَّ بِهَا صَاحِبُهَا عَلَى نَهْرٍ، فَشَرِبَتْ مِنْهُ وَلَا يُريدُ أَنْ يَسْقِيَهَا إِلَّا كَتَبَ اللهُ لَهُ عَدَدَ مَا شَرِبَتْ حَسَنَاتٍ».

قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ فَالحُمُرُ؟ قَالَ: «مَا أُنْزِلَ عَلَيَّ فِي الحُمُرِ شَيْءٌ إِلَّا هَذِهِ الآيَةُ الْفَاذَّةُ الجَامِعَةُ: {فَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْراً يَرَهُ، وَمَنْ يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرّاً يَرَهُ}» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. وَهَذَا لَفْظُ مُسْلمٍ [خ 4962، م 987].


Улашиш
|
|
Нусха олиш