1237. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, шу бир кун сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш куз узоқлаштирмай қўймайди», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: «Етмиш куз» – етмиш йил дегани. Бу ўзбек тилидаги «Етмиш баҳорни қарши олди» деган жумлага ўхшайди.
Аллоҳ таолони розилигини топиш мақсадида ихлос билан нафл рўза тутишнинг улуғ иш эканини тушунтиришга бу ҳадиси шарифдан ортиқ бирор оғиз сўз керак бўлмаса керак.
Тўғри, ўзини билганлар учун керак эмас. Шу ҳадиснинг ўзи етарли. Ўзини билган одам дўзахдан бир лаҳза бўлса ҳам узоқлашиш пайида бўлиб юради. Бир кунлик нафл рўза дўзахдан етмиш йил узоқлаштирганидан кейин ўзини билган одам иложи борича кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилади.
1237 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْريِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَا مِنْ عَبْدٍ يَصُومُ يَوماً فِي سَبِيلِ اللهِ إِلَّا بَاعَدَ اللهُ بِذَلِكَ اليَومِ وَجْهَهُ عَنِ النَّارِ سَبْعِينَ خَرِيفاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2840، م 1153].