1240. Яна у кишидан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни (ҳилолни) кўриб, рўза тутинглар ва уни кўриб, рўзани очинглар. Агар сизларга билинмай қолса, Шаъбоннинг ададини ўттизтага етказинглар», дедилар.
Муттафақун алайҳ. Бу Бухорийнинг лафзи.
Имом Муслимнинг ривоятида эса: «(Осмон булутли бўлиб( янги ой тўсилиб қолса ўттиз кун рўза тутинглар», бўлиб келган.
Шарҳ: Ушбу ривоятлардан Рамазон ойининг бошланиши ва тамом бўлиши Рамазон ва Шаввол ойи ҳилолларини кўриш билан собит бўлиши таъкидланмоқда.
Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб кейинги кунидан Рамазони шарифнинг биринчи куни бошланади. Худди шу каби, Рамазон ойининг йигирма тўққизинчи куни Шаввол ойи ҳилолини кўришга ҳаракат қилинади. Агар ҳилол кўринса, рўза тугагани ва эртасига ийд экани эълон қилинади. Мабодо ҳилол кўринмаса, рўзани ўттизинчи кун ҳам тутилиб, кейин ийд қилинади.
Айни шу хилда амал қилиш борлиқни яратган Аллоҳ таоло иродасига мувофиқ равишда ойни белгилашдир. Айни шу ишни мусулмонларгина амалга оширадилар. Улар йилнинг ўн икки ойини ҳам ҳилолни кўриб ҳисоблашга бошлайдилар ва тамом бўлганини эътиборга оладилар. Ой ер куррасига ва ундаги мавжудотларга, жумладан, инсонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши ҳаммага маълум, нима учун унинг ҳисобида таъсир бўлмаслиги керак?
Энди мусулмонлардан бошқаларнинг ой ҳисобида мантиқ борми ёки йўқ эканини бир ўйлаб кўрайлик. Бир йил, балки бир неча йил олдин қайси ойнинг қачон бошланишини белгилаб қўйиб, ўша кунни ойнинг охири, ўртаси ёки бошқа пайти бўлишига қарамай ой боши, деб аташ мантиққа тўғри келадими? Албатта, тўғри келмайди.
Шунинг учун фақат мусулмонча ой ҳисобигина тўғри ва табиий, деймиз. Вақт ҳисобига ойни ўлчов қилиб олишда кўплаб ҳикматлар бор.
Аввало, ой борлиқдаги энг катта аломатдан бири ҳисобланади. Ўшандоқ катта аломатни кўриб рўза тутишни бошлаш ва тамомлаш бу муҳим ишда ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ва ҳеч қандай тараф ўзгартириш кирита олмаслигини таъминлайди. ҳамма бандалар баробар бўлиб, Аллоҳнинг амри рўзани бошлаш ёки тамомлаш учун ўша буюк Аллоҳнинг белгиси бўлмиш ойга қараб туради.
Иккинчидан, ой йилида янги йил ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Шунинг учун ҳам ҳар Рамазон аввалгисидан ўн икки кун олдин келади. Шу тариқа ўттиз уч йилда йилнинг ҳамма вақтида Рамазон тутилади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди. Бир минтақада доим қулай, бошқасида доимо ноқулай бўлиб қолмайди.
Учинчидан, ойни кўриб рўза тутиш ва очиш барча мусулмонлар учун баробар ҳукм бўлиб, бу уларни бирликлари рамзи ҳамдир. Яна бошқа ҳикматлар ҳам кўп, ҳақиқий ҳикматларини эса Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.
1240 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ، وَأَفْطِرُوا لِرُؤيَتِهِ، فَإِنْ غَبِيَ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلَاثِينَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. وَهَذَا لَفْظُ البُخَارِيِّ [خ 1909، 1081/18].
وَفِي رِوَايَةِ مُسْلِمٍ: «فَإِنْ غُمَّ عَلَيكُمْ فَصُومُوا ثَلَاثِينَ يَوْماً» [1081].