1241-ҳадис

1241. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил у зот билан учрашган кезлари яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сахий одам эканлари.

2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида яна ҳам сахий бўлиб кетишлари.

3. Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом ҳар кеча Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб турганлиги.

4. Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни Жаброил алайҳиссалом ҳузурларида ўқиб ўтказиб олишлари. Шунинг учун ҳар бир мусулмон киши ҳам Рамазонда Қуръони каримни камида бир марта ўтказиб олиши лозим.

5. Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом Қуръон ўқишлари. Яъни, аввал Қуръонни Жаброил алайҳиссалом ўқиб бериб, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтариб ўқиб беришлари. Демак, Рамазонда устозлардан шу тарзда Қуръонни ўтказиб олишга ҳаракат қилмоқ керак.

6. Рамазон ойида иложи борича сахийлик кўрсатиб, бева-бечора, етим-есир ва муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш.

1241 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ في رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وَكَانَ جِبْرِيلُ يَلْقَاهُ فِي كُلِّ لَيْلَةٍ مِنْ رَمَضَانَ فَيُدَارِسُهُ القُرْآنَ، فَلَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ أَجْوَدُ بِالخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6، م 2308].


Улашиш
|
|
Нусха олиш