1246. Абу Яқзон Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Бу киши: «Ким шак қилинадиган кунда рўза тутса, батаҳқиқ Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дедилар.
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Бошқа ривоятда қуйидагича келган:
Сила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Аммор ибн Ёсир ҳузурида эдик. Бир оловда пиширилган қўй келтирилди. Бас, у:
«Енглар», деди. Қавмдан баъзилар ортга сурилиб:
«Мен рўзадорман», деди.
Шунда Аммор розияллоҳу анҳу:
«Ким одамлар шак қилган куни рўза тутса, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибдир», деди».
(Сунан эгалари ривоят қилишган. Бухорий таълиқ ила ривоят қилган).
«Абул Қосим» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир.
Ушбу ривоятга биноан, шак куни рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисобланади. Бунга ҳам Шаъбон охирида рўза тутишдан ман қилиш сабаблари боисдир. Шак бўлиб тургани устига баъзи бир кишилар рўза тутиб олса қолганларнинг шаклари яна ҳам кучайиши, орада турли тушунмовчиликлар, гап-сўзлар ва ҳатто уриш-жанжаллар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар бирлиги ва иттифоқини сақлаш мақсадида ҳамма рўза тутмаса яхши бўлади. Эртасидан, барча баробар Рамазоннинг биринчи куни шу кун, деган жазм билан рўза тутаверади.
1246 - وَعَنْ أَبِي اليَقْظَانِ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: «مَنْ صَامَ اليَومَ الَّذِي يُشَكُّ فِيهِ فَقَدْ عَصَى أَبَا القَاسِمِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 2334، ت 686].