1250-ҳадис

1250. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки муаззинлари бор эди: Билол билан кўзи ожиз Ибн Умму Мактум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билол азонни тунда айтади, Ибн Умму Мактум азон айтмагунча еб-ичаверинглар», дедилар.

Иккисининг ораси униси (Каъбанинг устидан азон айтиб) тушиб, буниси чиққунча бўларди, холос».

Муттафақун алайҳ. 

Шарҳ: Бу Рамазон учун одамларни саҳарликка уйғотиш ва уларга саҳарлик вақтини билдириш мақсадида икки марта азонни йўлга қўйилгани ҳақида айтилган гап. Ҳазрати Билол тунда одамларни уйғотиш учун азон айтар эдилар. Ўша азондан кейин саҳарликни давом эттириш мумкин эди. 

Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу эса бомдод намози учун тонг отганда азон айтар эдилар. Албатта, бу вақтда саҳарлик қилиб бўлмайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 

1. Одамларни уйғотиш ва шунга ўхшаш мақсадда тонгдан олдин ҳам азон айтиш жоизлиги.

2. Бомдод азонидан кейин саҳарликни тўхтатиш кераклиги.

3. Вақтни айтиб берадиган одам бўлса, кўзи ожиз киши ҳам азон айтиши мумкинлиги.

Ушбу ҳадисларни далил қилиб кўпчилик имомлар бир масжидда иккита муаззин бўлиши керак, деганлар. Ҳанафийлар эса эҳтиёжига қараб, битта ҳам, кўп ҳам бўлаверади, дейишган.

1250 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ مُؤَذِّنَانِ: بِلَالٌ وَابْنُ أُمِّ مَكْتُومٍ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ بِلَالًا يُؤَذِّنُ بِلَيْلٍ، فَكُلُوا وَاشْرَبُوا حَتَّى يُؤَذِّنَ ابْنُ أُمِّ مَكْتُومٍ» قَالَ: وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُمَا إِلَّا أَنْ يَنْزِلَ هَذَا وَيَرْقَى هَذَا. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1918، م 1092/38].


Улашиш
|
|
Нусха олиш