1252. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Модомики одамлар ифторни тезлаштиришар экан, яхшиликда бўладилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Абу Довуд лафзида:
«Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган.
Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса:
«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди» дейилган.
Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилиш тарғиб этилмоқда ва бу туфайли қуйидагича яхшиликлар бўлиши ваъда қилинмоқда.
1. Кишиларнинг хайрликда бардавом бўлишлари.
2. Ислом динининг устун бўлиши.
3. Аллоҳ таоло учун маҳбуб бандалардан бўлишлик. Шунинг учун ифтор вақти кириши билан дарҳол оғизни очишга одатланишимиз керак.
1252 - عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الفِطْرَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1957، م 1098].