1257. Салмон ибн Омир аз-Заббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон сизлардан бирингиз оғиз очадиган бўлса, хурмоларда оғиз очсин. Агар топа олмаса, сувда очсин. Чунки сув (маънавий ва ҳиссий нопокликлардан) покланишдир», дедилар.
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, деганлар.
Шарҳ: Кун бўйи рўза тутиб юрган инсон жисмида катта ўзгаришлар юз беради. Шунинг учун ифтор вақти бўлганида оғизни нима билан очиш ўта аҳамиятлидир. Чунки маълум муддат давом этган очликдан сўнг биринчи тановул қилинадиган нарсанинг таъсири жуда ҳам каттадир. Ана шу жиҳатдан хурмо ёки сув ўта мувофиқ нарсалар экан.
Буни ҳозирги замон илми ҳам қаттиқ таъкидламоқда. Бу борада илмий тажрибалар ўтказган олимларнинг кўплари мусулмон бўлмаганлари, хурмоли минтақадан эмасликлари учун, асосан сув билан оғиз очиш яхши эканини таъкидламоқдалар.
Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилароқ хурмо ёки сув ила оғизни очишга одатланмоғимиз лозим.
1257 - وَعَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرِ الضَّبِّيِّ الصَّحَابيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَفْطَرَ أَحَدُكُمْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى تَمْرٍ، فَإِنْ لَمْ يَجِدْ فَلْيُفْطِرْ عَلَى مَاءٍ؛ فَإِنَّه طَهُورٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاودَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 2355، ت 695].