1258. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишдан олдин бир нечта ҳўл хурмо билан оғизларини очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан, у ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув ичар эдилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Хўлу қуруқ хурмолар ила оғиз очишнинг бир неча ҳикматлари бордир. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш бўлса, яна бири ошқозондан ортиқча нарсаларни чиқариб юборади. Ҳамда хурмода жисм эҳтиёжи бўлган кўпдан-кўп моддалар бор.
Термизийнинг ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очар эдилар», дейилган.
Бу ривоятларда ҳам нима билан оғиз очиш яхши экани ҳақида сўз кетмоқда. Хурмо билан сув бу борада асосий нарсалар экани таъкидланмоқда.
Рўзанинг мустаҳаблари ҳақидаги барча далилларни диққат билан ўрганиб чиққан ҳанафий уламолар қуйидаги амалларни рўзанинг мустаҳаблари сифатида қайд этганлар:
1. Бирор нарса билан, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилмоқ. Саҳарликни кечанинг охиригача сурмоқ.
2. Қуёш ботиши билан тезда, шом намозини ўқишдан олдин оғизни очмоқ. Ширин ва ҳўл нарса ила оғизни очиш афзал.
3. Оғизни очишда ривоят қилинган лафзлар ила дуо қилмоқ.
4. Рўзадорларга ифтор қилиб бермоқ.
5. Жунублик, ҳайз ва нифосдан қилинадиган ғуслни кечга қўймай, тонг отишдан олдин қилиб олмоқ.
6. Ортиқча гап-сўз ва амаллардан тил ва тана аъзоларни тиймоқ.
7. Рўзани бузмайдиган, аммо ҳузурбахш бўлган нарсаларни тарк қилмоқ.
8. Оила аъзолари ва қариндошларга кенгчилик қилиш. Бева-бечора ва камбағалларга хайри эҳсонни кўпайтириш.
9. Қуръон қироати, илм суҳбатлари, зикр ва салавотларни кўпайтириш.
1258 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يُفْطِرُ قَبْلَ أَنْ يُصَلِّيَ عَلَى رُطَبَاتٍ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ رُطَبَاتٌ فَتُمَيرَاتٌ، فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تُميرَاتٌ حَسَا حَسَوَاتٍ مِنْ مَاءٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 2356، ت 696].