1260-ҳадис

1260. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг еб-ичишни тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар».

Имом Бухорий ривояти. 

Шарҳ: Ислом дини ва таълимоти бўйича мусулмон инсон доимо тилини ёмон сўзлардан, беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уламоларимиз ушбу ҳадисдаги «ёлғон гапириш»-га ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бўҳтонлар ҳам киради, дейдилар. Шунингдек, унга амал қилишга Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир иш киради, дейдилар. 

Демак, рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Зотан, ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб, ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бўҳтон сўзларни гапираверишдан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор? Ёки унинг оч қолиб, чанқаганига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми? 

Афсуски, ҳаётимизда бу ҳақиқатни унутиб қўямиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб, кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар йўқ эмас. ҳатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўҳтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис ҳаммамиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

1260 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ النِّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَمْ يَدَعْ قَوْلَ الزُّورِ وَالعَمَلَ بِهِ فَلَيْسَ للهِ حَاجَةٌ في أَنْ يَدَعَ طَعَامَهُ وَشَرَابَهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [1903].


Улашиш
|
|
Нусха олиш