1261. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирингиз унутиб бирор нарсани еб ёки ичиб қўйса, рўзасини охирига етказсин. Аллоҳ у кишини овқатлантириб, ичимлик ила сийлабди», дедилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ислом шариатининг умумий қоидаси бўйича эсдан чиқариб содир этилган ҳар бир хато кечирилади. Бу қоида рўза борасида ҳам жорий этилади. Инсон гоҳида, айниқса, Рамазони шарифнинг биринчи кунларида ўзининг рўзадорлигини унутиб қўйиши табиий бир ҳол. Шунинг учун эсдан чиққан ҳолда бирор нарса еб ёки ичиб қўйса, рўзаси очилган ҳисобланмайди. Балки эслаганида ўзини емоқ-ичмоқдан тўхтатади ва рўзасини давом эттираверади. Бу қоидага ҳеч ким хилоф қилмаган.
Бу ҳам Ислом динининг енгиллик дини эканига ёрқин бир далилдир. Инсондаги бор заифликларни яхши билган Аллоҳ таоло шариат ҳукмини жорий қилишда мазкур заифликларни ҳисобга олиб қўйган.
1261 - عَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا نَسِيَ أَحَدُكُمْ فَأَكَلَ أَوْ شَرِبَ فَلْيُتِمَّ صَوْمَهُ؛ فَإِنَّمَا أَطْعَمَهُ اللهُ وَسَقَاهُ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 1933، م 1155].