1273-ҳадис

1273. Абу Аюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб бўлиб, кетидан шавволда олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилиш ўзига яраша ҳикматга эга. Аввало, доимо нафл рўза тутишга тарғиб қилинади. Қолаверса, Рамазон бўйи рўза тутиб юриб, Шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам яхши эмас. Табиблар ҳам очликдан чиққандан кейин овқат истеъмолини аста-секин кўпайтиришни тавсия қиладилар.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг фойдаларидан бири шуки, ҳар йили ушбу ҳадиси шарифга амал қилган одам умр давомида рўза тутганлик савобини қозонар экан. Уламолар Рамазон рўзасидан кейин шаввол ойида олти кун рўза тутган кишига бир йил давомида рўза тутганлик мукофоти берилишини бундай тушунтиришган:

“Маълумки, шариатимизда ҳижрий-қамарий тақвим асосида ҳисоб-китоб қилинади. Шундай экан, бир ҳижрий-қамарий йил тақрибан 360 кундан иборат. Шунда, ўттиз кун Рамазон рўзаси ўнга кўпайтилганда 10 ой, яъни, 300 кун ўрнига ўтади. Шаввол ойининг олти кун рўзасининг ўн баробари эса 60 кун, яъни, 2 ой бўлади. Қўшиб ҳисоблаганда, 360 кун (бир йил)ни ташкил қилади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: 

“Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом сураси, 160-оят).

Демак, Рамазондан кейин шаввол ойида ҳам рўза тутиш фазилатли улуғ экан. Бунинг ҳикмати ўлароқ, мўмин-мусулмонлар Рамазондан бошқа пайтларда ҳам рўза тутиб, янада кўпроқ ажр-савобга эришишлари, қолаверса, Рамазон келишидан олдин, унга тайёргарлик кўриш мақсадида Шаъбон ойида ўзларини рўзага ўргатиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёргарлик кўрганлари сингари, шавволда ҳам бир ой давомида рўза тутишга кўниккан ички аъзолар энди аста-секинлик билан таом истеъмолига мослашиши учун ҳамдир. Шундай йўл тутиш инсон руҳига ҳам, жисмига ҳам кони фойда. Зеро, табиблар шавволда бирдан ўзини овқатга уришни тавсия қилишмайди. Балки, овқат истеъмолини аста-секинлик билан кўпайтиришни таъкидлашади.

Бу олти кунлик рўзани шаввол ойининг иккинчи кунидан бошлаб тутиш мумкин. Зеро, шаввол ойининг биринчи куни Рамазон ҳайити бўлгани учун унда рўза тутиш тақиқланади. Шунингдек, Ийдул фитрдан сўнг дарҳол рўза тутиш ҳам шарт эмас, балки шаввол ойи давомида тутса, жоиз. Рамазон ойи давомида баъзи кунларининг рўзасини тута олмаган кишилар, аввал ўша кунларнинг қазосини адо этиб, сўнг олти кунлик рўзани тутсалар, айни муддао бўлади. Аммо, бу ойда олти кунлик нафл рўзани тутиб, Рамазондан қолган қазоларни ундан кейин ёки бошқа ойларда тутсалар ҳам зарари йўқ. Лекин уламоларнинг тавсия қилишларича, шаввол ойида тутиладиган олти кунлик нафл рўзани кетма-кет эмас, балки ҳар ҳафтада икки кундан тутиш фазилатдир. Айниқса, душанба ва пайшанба кунлари тутилса, нур устига нур бўлади. Зеро, бу кунларда тутилган рўзага қўшимча қилиб, ўша кунлардаги рўза туганлик ажри ҳам ёзилади, иншааллоҳ. Бундан ташқари, қазо бўлган рўзаларни ҳам мазкур ойда тутиш билан бу муборак ойдаги фазилатларга эришилади.

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, у Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган камчилик-нуқсонларга каффорат бўлади. Зеро, беайб Парвардигори олам. Банда камчилик ва хатолардан холи эмас. Бу худди фарз намозлар ортидан ўқилган суннат намози кабидир. Ушбу суннатлар фарзда билиб-билмай йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилади. Қиёмат куни банданинг нафл ибодатлари унинг фарз-вожиб амалларда йўл қўйган нуқсонларини тўлдиради. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Инсонлар қиёмат куни амаллари ичида энг биринчи ҳисоб-китоб қилинадигани намоздир. Раббимиз азза ва жалла Ўзи яхши билса-да, фаришталарга қарата: “Бандамнинг намозига қаранглар-чи, у тўла-тўкис эканми ёки нуқсонлими?" деб айтади. Агар (банданинг намози) мукаммал бўлса, унга мукаммал деб ёзилади, агар унда бирор камчилик бўлса, Аллоҳ: “Каранглар-чи, бандамнинг бирор-бир нафл ибодати бор эканми?" дейди. Агар унинг нафл ибодатлари бўлса, Аллоҳ: “Бандамнинг фарз амалларини унинг нафл (ибодатлар)идан олиб тўлдиринглар", дейди. Сўнра (унинг қолган) амаллари ҳам шу йўсинда қабул қилинади" (Имом Абу Довуд ривояти).

Шавволнинг олти кунида рўза тутишнинг яна фойдаларидан бири шуки, бу ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганига, балки унга рағбати кучлилигидан далолат қилади. Зеро, бу ойдаги рўзанинг ҳикмати ҳақида Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш – Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди, давомли қилади”.

1273 - عَنْ أَبِي أَيُّوبَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتَبَعَهُ سِتّاً مِنْ شَوَّالٍ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهْرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1164].


Улашиш
|
|
Нусха олиш