1275-ҳадис

1275. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Амаллар душанба ва пайшанба куни кўрсатилади. Амалим кўрсатилаётганда рўзадор бўлишим мен учун маҳбубдир» дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар. Имом Муслим ҳам рўза сўзини зикр қилмасдан ривоят қилдилар. 

Шарҳ: Сунан эгаларидан қуйидаги ривоят ҳам келган:

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз молининг талабида Водий ал-Қуро томон жўнади. У душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эди. Ходими унга:

«Нима учун қари чол бўлатуриб душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутасиз?» деди.

«Аллоҳнинг Пайғамбари бу икки куннинг рўзасини тутар эдилар. Бу ҳақда сўралганларида: 

«Албатта, бандаларнинг амаллари душанба куни ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман», дедилар» деди». (Сунан эгалари ривоят қилишган).

Водий ал-Қуро Мадинаи мунаввара билан Шом орасидаги бир водий бўлиб, у ерда Мадина аҳлининг молу мулклари бўлар эди.

Улуғ саҳобий Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ўз хизматчиларининг нима учун қариб қолсангиз ҳам қийналиб душанба ва пайшанба кунлари рўза тутасиз, деган саволига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунлар рўзасини тутганлари учун тутишларини айтдилар. 

Ҳа, саҳобаи киромлар учун, чин мусулмонлар учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш катта бахт ва шону шараф эди. Улар каттаю кичик ишларини ўз ҳабиб Пайғамбарлари Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати санияларига мослаб қилишга ҳаракат этганлар. Суннатга хилоф иш қилишни залолат, деб билганлар. 

Қолаверса, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуга у кишининг ходимлари берган саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи саҳобалар ҳам бериб, нима учун душанба ва пайшанба кунлари рўза тутиш афзал кўрилишини билишга қизиққанлар. 

Жавоб битта, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таоло ҳузурида арз қилинар экан. 

Албатта, ўша арз қилинадиган амалларнинг қабул бўладигани бор, қабул бўлмайдигани бор. Арз пайтида амалнинг эгаси рўза тутган ҳолида Аллоҳ таолога илтижо қилиб турса, унинг сабабидан амали кўпроқ қабул бўлиши мумкин экан.

Шунинг учун ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга ҳаракат қилинади. Бу рўзанинг ушбу ривоятда зикр қилинаётган ҳикматидан ташқари тақво, меҳр, сабр ва соғлиққа тегишли ва бошқа ҳикматлари ҳам борки, уни унутмаслигимиз керак.

1275 - وَعَنْ أَبِي هُريْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «تُعْرَضُ الأَعْمَالُ يَوْمَ الإثَنيْنِ وَالخَمِيسِ، فَأُحِبُّ أَنْ يُعْرَضَ عَمَلِي وَأَنَا صَائِمٌ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ، وَرَوَاهُ مُسْلِمٌ بِغَيرِ ذِكْرِ الصَّوْمِ [م 2565/36، ت 747].


Улашиш
|
|
Нусха олиш