1284. Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадорни ифтор қилдирса, Унга унинг ажрича савоб бўлур. Шу билан бирга, рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас», дедилар».
Имом Термизий ривоят қилиб, уни ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда рўзадор киши учун ифтор емаги бериш улкан савобли иш экани таъкидланмоқда. Рўза тутган одамга қанча савоб берилса, унга ифтор емаги ҳозирлаган одамга ҳам шунча савоб берилиши баён қилинмоқда. Унга рўзадорнинг савобидан олиб берилмайди, балки алоҳида савоб шаклида берилади.
Бу дегани ўзи рўза тутмай, рўзадорга ифтор берса, рўза тутган ўрнига ўтади, дегани эмас. Рўза тутиш ҳар бир инсон учун фарздир. Ҳар ким ўзи ўз рўзасини тутиши керак. Бошқа ҳеч нарса бунинг ўрнини боса олмайди. Рўзадорга ифторлик бериш эса хайр-эҳсон ҳисобланади, холос. Буни қилган одам шунга яраша савоб олади.
1284 - عَنْ زَيدِ بْنِ خَالِدٍ الجُهَنِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ فَطَّرَ صَائِماً كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ، غَيْرَ أَنَّهُ لَا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْءٌ» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [807].