Рўйхатни беркитиш
Мундарижа
Мундарижа
80-КИТОБ
80-боб Гуноҳга буюрмаса, бошлиқларга итоат қилишнинг вожиблиги, агар гуноҳга буюрса, итоатда бўлишнинг ҳаромлиги
80- بَابُ وُجُوبِ طَاعَةِ وُلَاةِ الأُمُورِ في غيرِ مَعْصِيَةٍ، وَتَحْرِيمِ طَاعَتِهِمْ في الْمَعْصِيَةِ
(80)
80-BOB

 80-боб. Гуноҳга буюрмаса, бошлиқларга итоат қилишнинг вожиблиги, агар гуноҳга буюрса, итоатда бўлишнинг ҳаромлиги

 Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз» (Нисо сураси, 59-оят), деб айтган.

80- بَابُ وُجُوبِ طَاعَةِ وُلَاةِ الأُمُورِ في غيرِ مَعْصِيَةٍ، وَتَحْرِيمِ طَاعَتِهِمْ في الْمَعْصِيَةِ

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الأَمْرِ مِنْكُمْ} [النساء - 59].


(80)

675. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон кишиси, агар гуноҳга буюрилмаса, бошлиғининг сўзига, яхши кўрса ҳам, ёмон кўрса ҳам, эшитиб итоат қилиши лозим. Агар бордию, гуноҳ бўлса, эшитиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқ», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Банда рағбат қиладими ёки йўқми барча ишда бошлиққа итоат қилмоқ вожибдир. Лекин гуноҳ ва маъсиятга буюрса итоат қилиш йўқдир.

– Ислом умматининг бирлиги йўлида ҳар қандай рағбат ва шахсий манфаатдан воз кечиш.

675 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  قَالَ: «عَلَى الْمَرْءِ الْمُسْلِمِ السَّمْعُ وَالطَّاعَةُ فِيْمَا أَحَبَّ وَكِرَهَ، إِلَّا أَنْ يُؤْمَرَ بِمَعْصِيَةٍ، فَإِذَا أُمِرَ بِمَعْصِيَةٍ فَلَا سَمْعَ وَلَا طَاعَةَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7144، م 1839].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

676. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга қулоқ солиб, итоат қилишга байъат қилдик. Шунда у зот «Тоқатингиз етган нарсада» деб айтардилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан кўриниб турибдики, саҳобалар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат такрорланиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Тоқатларингиз етган нарсада», дейишлари, Исломнинг умумий қоидасига мувофиқ гапдир. Исломда инсондан унинг тоқатидан ташқари нарсани талаб қилиш йўқ.

Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Расулуллоҳ алайҳиссаломга саҳобаи киромлар қайта-қайта байъат қилганлари. Демак, раҳбар билан унга эргашганлар орасидаги аҳднома-байъат вақти келганда янгиланиб тургани мақсадга мувофиқ экан.

– Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга қу­лоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида ҳам байъат қилинган.

– Ислом динида инсонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилиш йўқ экани. Агар халифа тоқат қилина олмайдиган ишни буюрса, бандани унга имкони етмаса, итоат шарт эмас.

– Ишбошилар Расулуллоҳ с.а.в. ўз умматларига меҳрибон бўлганлари каби улар ҳам қўл остиларидагиларга шафқатли бўлишлари лозим.

676 - وَعَنْهُ قَالَ: كُنَّا إِذَا بَايَعْنَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  عَلَى السَّمْعِ وَالطَّاعةِ يَقُولُ لَنَا: «فِيمَا اسْتَطَعْتُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7202، م 1867].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

677. Яна у кишидан ривоят қилинади:

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким байъатдан қўлини тортса, Қиёмат куни Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжати йўқ ҳолда йўлиқади. Ким зиммасида байъат бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди», деганларни эшитганман».

Имом Муслим ривояти.

Муслимнинг бошқа ривоятда: «Кимки жамоатдан ажраган ҳолда вафот этса, жоҳилият ўлимида ўлибди», дейилган.

 

677 - وَعَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ خلَعَ يَداً مِنْ طَاعَةٍ لَقِيَ اللهَ يَوْمَ القِيَامَةِ وَلَا حُجَّةَ لَهُ، وَمَنْ مَاتَ وَلَيْسَ فِي عُنُقِهِ بَيْعَةٌ مَاتَ مِيْتَةً جَاهِلِيَّةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1851].

وَفِي رِوَايَةٍ لَهُ: «وَمَنْ مَاتَ وَهُوَ مُفَارِقٌ للْجَمَاعَةِ، فَإنَّهُ يَمُوتُ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً».

«الْمِيتَةُ» بِكَسْرِ الْمِيمِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

678. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга боши қора майиздек ҳабаш қул омил этиб тайинланса ҳам, (унга) қулоқ солинглар, итоат қилинглар!» дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Изоҳ: Исломнинг аввалида ҳар қандай ишга раҳбар этиб тайинланган шахс «омил» – ишчи деб аталган. Биздаги «амалдор» сўзи ҳам шу ўзакдан олинган.

Бошқа ҳадисда ҳам шунга яқин маънода келтирилган.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди.

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул бўлса ҳам қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки, улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».

(Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳадиснинг ровийлари Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳикоя қилишларича, бир куни бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўта таъсирли ваъз айтганлар. Бу ваъзни эшитиб, кишилар кўзларидан ёш тўкканлар, қалблари эса, ларзага келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ваъзлари одатдагидан бошқачароқ бўлган. Буни эшитувчилар ҳам пайқаганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайри оддий ваъз қилганларини тушуниб етганлар.

«Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди».

Гапирувчи одам Расули акрам бу дунё билан ва саҳобалар билан видолашаётган киши сифатида ваъз қилганларини, бу ваъз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги ваъз­ларидан бири эканини англаб етган эди. Шунинг учун бу фурсатни ғанимат билиб, Расулуллоҳдан ўз умматларига васият қилишларини сўради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу видолашувчининг ваъзи эмас, демадилар. Балки, ўз сукутлари билан ҳалиги одамнинг гапини тасдиқладилар. Мавъизалари видолашувчининг мавъизаси эканини иқрор қилдилар. Бунинг устига, ўша одамниг талабига биноан, ўз васиятларини бошладилар ва у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан», дедилар.

Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ўз васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш У Зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладиган нарсалардан ўзини сақлашдир. Тақводорлик маълум кийим, маълум таом, маълум макон ва маълум қўшимча ибодатлардан иборат эмас.

«Тақво» сўзининг луғавий маъноси «сақла­ниш»­дир Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Тақво араб тилида сертикан майдондан болдирларини очиб, ўзига тикан теккизмай ўтиб кетишини англатади», деган эканлар.

Шариатда эса, тақво Аллоҳнинг айтганини қи­либ, қайтарганидан қайтишни англатади. Яъни, бу дунё ҳаёти майдонидаги гуноҳ тиканларини ўзига теккизмай ўтишни билдиради. Ҳамма бало-офат тақвосизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишни қаттиқ тавсия этмоқдалар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларида таъкидланган иккинчи масала, бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлигидир. У зот, агар ўша бошлиқ ҳабаш қул бўлса ҳам, ҳеч бошқа хаёлга бормай, унга қулоқ осиб, итоат қилишни васият қилмоқдалар. Бу Ислом таълимотидаги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида ҳам бунга алоҳида эътибор берганлар. Бунинг маълум сабаблари бор бўлиб, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида баён қилмоқдалар:

«Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари кўп ўтмай юзага чиқди. Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу қатл этилганларидан сўнг саҳобалар ўртасида хилоф чиқди. Кейинчалик бу хилоф кучайиб, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ушбу ихтлофларга ишорадир.

Энди у зотнинг шундай пайтда ўзни қандоқ тутиш ҳақидаги тавсиялари келади:

«Сизлар янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг»

Чунки Китоб ва Суннатда, шариатда йўқ бўлган янги бидъатдан иборат ишлар пайдо қилинади. Улар бидъатдан иборат бўлади. Ана ўшалардан сақланиш керак:

«Чунки улар залолатдир»

Залолатдан сақланиш эса, ҳар бир мўминнинг бурчидир.

«Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни маҳкам тишлангиз», дедилар».

Яъни, сиздан ким ўша ихтилофлар кўп чиқадиган даврга етиб борса, ўша пайтда менинг Суннатимни ва рошид халифаларнинг суннатини маҳкам ушласин! Рошид халифалар деганда Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум кўзда тутилади. Улардан кейингилар ичидан баъзилар Умар ибн Абдулазизни ҳам қўшганлар. Аммо булар озчиликни ташкил қилади.

Маълумки, ихтилоф чиққанда гап-сўз кўпаяди. Ҳар ким ўз ишини маъқуллашга уринади. Ҳамма ўзиникини тўғри, деб ҳисоблайди. Натижада ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу вақтда нима қилиш керак? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаган одам адашмайди. Қолаверса, рошид (тўғри йўлда юрган), ҳидоятли (ҳидоят йўлини топган) халифаларнинг суннатини ушлаш лозим. Ушлаганда ҳам худди тиш билан тишлагандек қилиб, ушлаш керак. Одатда авайлаб, эҳтиёт қилиб, гард юқтирмасдан олиб юрилган нарсани «тиши билан тишлаб, олиб юрибди», дейилади.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатларини ҳам ана шундоқ қилиб ушлаш лозим экан.

Шу билан бирга, тўрт хулафои рошидинларнинг айтган насиҳатлари, тутган йўлларини ҳам суннат, дейиш мумкинлигини, оғир пайтларда, ихтилофли вақтларда Суннатни маҳкам тутиш зарурлигини англаб оламиз.

678 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اسْمَعُوا وَأَطِيعُوا وَإِنِ اسْتُعْمِلَ عَلَيْكُمْ عَبْدٌ حَبَشِىٌّ كَأَنَّ رَأْسَهُ زَبِيبَةٌ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

679. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қийинчилигингда ҳам, енгилчилигингда ҳам, (рози бўлиб) ёқтирганингда ҳам, (норози бўлиб) ёқтирмаганингда ҳам ҳамда ҳаққинг берилмаса ҳам қулоқ солиш ва итоат қилиш сенга вожибдир».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Албатта, бу қулоқ солиб итоат қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмон раҳбарларга бўлади. Бу шарт ҳар бир жамият учун жуда зарур. Бошлиққа қулоқ осиб итоат қилинмаган жойда тартиб-интизом, муваффақият бўлмайди. Шунинг учун ҳам, Исломда бу нарсага катта аҳамият берилган.

679 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «عَلَيْكَ السَّمْعَ وَالطَّاعَةَ فِي عُسْرِكَ وَيُسْرِكَ، وَمَنْشَطِكَ وَمَكْرَهِكَ، وَأَثَرَةٍ عَلَيْكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1836].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
680. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдик. Бир манзилга тушдик. Биздан кимдир чодирини тузатаётган, кимдир ўқ отишаётган, кимдир (уловлар билан) ўтлоқда эди. Бирдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жарчиси «Жамоат намозига!» деб жар солиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жамландик. У зот шундай дедилар: «Мендан олдин келган ҳар бир набийга умматини улар учун яхши деб билган нарсасига йўллаш ҳамда улар учун ёмон деб билган нарсасидан огоҳлантириш вожиб бўлган. Ушбу умматнинг офияти аввалида қилинди. Охирига эса ҳали балолар ва сизлар мункар деб биладиган ишлар келади. Шундай фитналар келадики, бири бирини (кейингиси аввалгисини) енгил кўрсатиб қўяди. Фитна келади, шунда мўмин: «Менинг ҳалокатим мана шу», деб қолади, лекин (фитна) ўтиб кетади. Яна фитна келади, шунда мўмин: «Шуниси, шуниси», дейди.

Ким дўзахдан йироқлаштирилиб, жаннатга киритилишини истаса, ўлими келганда Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолда бўлсин; ўзига қандай муомала бўлишини истаса, одамларга ҳам шундай муомала қилсин.

Ким бир раҳбарга байъат қилиб, унга қўлини ва қалб қўрини тутган бўлса, агар қодир бўлса, унга итоат қилсин. Аммо бошқаси у билан (раҳбарликни) талашгани келса, ўша бошқанинг бўйнини чопинглар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги қўшимчалар бор:

«Мен унга яқинлашиб, «Аллоҳ ҳаққи сўрайман, сиз буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз?» дедим. У қўлини икки қулоғига, юрагига қўйиб, «Буни икки қулоғим билан эшитганман, қалбимга жо қилганман», деди. Шунда мен унга: «Манави амакиваччанг Муовия мол‑мулкимизни ўзаро ботил йўл билан ейишга ва ўзимизни ўлдиришга буюряпти‑ку! Ҳолбуки, Аллоҳ: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизнинг мол‑мулкингизни ботиллик билан еманг. Фақат ўзаро розилик ила тижорат бўлса, мустасно. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир»[1] деган-ку», дедим. У бир муддат жим турди‑да, сўнг: «Унга Аллоҳнинг тоатида итоат қил, Аллоҳнинг маъсиятида эса бўйсунма», деди».


[1] Нисо сураси, 29 оят.

 

680 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنَّا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ  فِي سَفَرٍ، فَنَزَلْنا مَنْزِلًا، فَمِنَّا مَنْ يُصْلِحُ خِبَاءَهُ، وَمِنَّا مَنْ يَنْتَضِلُ، وَمِنَّا مَنْ هُوَ فِي جَشَرِهِ؛ إذْ نَادَى مُنَادِي رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: الصَّلَاةُ جَامِعَةٌ. فَاجْتَمَعْنَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «إنَّهُ لَمْ يَكُنْ نَبِيٌّ قَبْلِي إلَّا كَانَ حَقًّا عَلَيْهِ أَنْ يَدُلَّ أُمَّتَهُ عَلَى خَيْرِ مَا يَعْلَمُهُ لَهُمْ، وَيُنذِرَهُمْ شَرَّ مَا يَعْلَمُهُ لَهُمْ، وَإنَّ أُمَّتَكُمْ هَذِهِ جُعِلَ عَافِيَتُهَا فِي أَوَّلِهَا، وَسَيُصِيْبُ آخِرَهَا بَلَاءٌ وَأُمُورٌ تُنْكِرُونَهَا، وَتَجِيءُ فِتْنَةٌ يُرَقِّقُ بَعْضُهَا بَعْضاً، وَتَجِيْءُ الفِتْنَةُ فَيَقُولُ الْمُؤْمِنُ: هَذِهِ مُهْلِكَتِي، ثُمَّ تَنْكَشِفُ، وَتَجِيءُ الفِتْنَةُ فَيَقُولُ الْمُؤْمِنُ: هَذِهِ هَذِهِ، فَمَنْ أَحَبَّ أَنْ يُزَحْزَحَ عَنِ النَّارِ وَيُدْخَلَ الجَنَّةَ فَلْتَأْتِهِ مَنِيَّتُهُ وَهُوَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَوْمِ الآخِرِ، وَلْيَأْتِ إِلَى النَّاسِ الَّذِي يُحِبُّ أَنْ يُؤتَى إِلَيْهِ، وَمَنْ بَايَعَ إِمَاماً فَأَعْطَاهُ صَفْقَةَ يَدِهِ وَثَمَرَةَ قَلْبهِ فَلْيُطِعْهُ إِنِ اسْتَطَاعَ، فَإنْ جَاءَ آخَرُ يُنَازِعُهُ، فَاضْرِبُوا عُنُقَ الآخَرِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1844].

قَوْله: «ينْتَضِلُ» أي: يُسَابِقُ بالرَّمْيِ بِالنَّبْلِ وَالنُّشَّابِ، «وَالجَشَرُ» بِفَتْحِ الجِيمِ وَالشِّينِ الْمُعْجَمَةِ وَبِالرَّاءِ: وَهِيَ: الدَّوَابُّ الَّتِي تَرْعَى وتَبِيتُ مَكانَهَا.

وَقَولُهُ: «يُرقَّقُ بَعْضُهَا بَعْضًا» أَيْ: يُصَيِّرُ بَعْضَهَا بَعْضاً رَقِيقاً؛ أَي: خَفِيفاً لِعِظَمِ مَا بعْدَهُ، فَالثَّانِي يُرقِّقُ الأَوَّلَ، وَقِيلَ: مَعْنَاهُ: يُشَوِّقُ بَعْضُهَا إِلَى بَعْضٍ بِتَحْسِينِهَا وَتَسْوِيلِهَا، وَقِيلَ: يُشْبِهُ بَعْضُهَا بَعْضاً.


Улашиш
|
|
Нусха олиш

681. Абу Ҳунайда Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Салама ибн Язид Жуъфий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Эй Аллоҳнинг Набийси, айтингчи, амирлар бизга бош‑қош бўлиб, биздан ўз ҳақларини сўрасаю, бизнинг ҳаққимизни бермаса, бизни нимага буюрасиз?» деб сўради. У зот ундан юз ўгириб олдилар. Яна сўраган эди, у зот: «Қулоқ солинглар, итоат қилинглар. Уларнинг зиммасига юкланган нарса ўзларига, сизнинг зиммангизга юкланган нарса эса ўзингизга», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Мусулмон ҳокимнинг ўз раияти (яъни фуқаролар) устида бир қанча ҳақлари бор. Масалан, яхши ишларда унга итоат қилишлари – Аллоҳга осий бўладиган ишларда унга итоат қилинмайди – унга холис насиҳат қилишлари, унинг обрўсига путур етказмайдиган ҳолда риёсиз амри маъруф ва наҳий мункар қилишлари, унинг тарафидан очиқ-ошкор куфр зоҳир бўлмаган ҳолда ундан ҳокимият талашмасликлари ва унга қарши қилич (қурол) кўтариб чиқмасликлари шу жумладандир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо сураси, 59-оят).

«Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар, (ўзларингизга қилинаётган панд-насиҳатга) қулоқ тутинглар ва итоат этинглар» (Тағобун сураси, 16-оят).

«Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўрувчиларга айланиб қоласизлар» (Оли Имрон сураси, 149-оят).

Уммул-Ҳусойн розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар сизларга қулоқ-бурни кесилган қул амир қилинса-да, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солиб, итоат қилинглар!» (Муслим ривояти).

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қулоқ солиб, итоат қилувчи кишининг зиёнига ҳужжат йўқ, эшитиб туриб итоат қилмаган кишининг фойдасига ҳужжат йўқ» (Аҳмад, Ибн Аби Осим «Сунна»даги ривояти).

Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Ҳоким гарчи ўз мажбуриятларида камчиликка йўл қўйса ҳам унга итоат қилишнинг вожиблиги. Чунки бу билан мамлакат барқарорлигини сақланади ва жамиятдаги урчиган фитнага барҳам берилади.

– Ҳокимларнинг ўз вазифаларидаги камчиликлари сабаб одамлар ҳам ўз вазифаларида камчиликка йўл қўйишлари оқланмайди. Зеро парокандаликни парокандалик билан муолажа қилинмайди.

– Барча ўз амалига масъул, шунинг учун унинг ўзи айбдор.

681 - وَعَنْ أَبِي هُنَيْدَةَ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَأَلَ سَلَمَةُ بْنُ يَزِيدَ الجُعْفِيُّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا نَبِيَّ اللهِ؛ أَرَأَيْتَ إِنْ قَامَتْ عَلَيْنَا أُمَرَاءُ يَسْأَلُونَا حَقَّهُمْ، وَيَمْنَعُونَا حَقَّنَا، فَمَا تَأْمُرُنَا؟ فَأَعْرَضَ عَنْهُ، ثُمَّ سَأَلَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اسْمَعُوا وَأَطِيعُوا؛ فَإنَّمَا عَلَيْهِمْ مَا حُمِّلُوا، وَعَلَيْكُمْ مَا حُمِّلْتُمْ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [1846].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

682. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яқинда мендан кейин (мулкка) эга чиқиб олишлар ва сизлар мункар деб биладиган ишлар бўлади», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, ўшани кўрганларимизга нимани буюрасиз?» дейишди. У зот: «Зиммангиздаги ҳақларни адо қиласиз, ўз ҳаққингизни эса Аллоҳдан сўрайсиз», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Ишбошилар қўл остидагилар орасида адолатли бўлишлари лозим.

 – Бошлиқ ва ҳокимлар ҳақларни ўз эгаларига етказишлари ва одамларнинг мол-мулкини ноҳақдан емаликлари лозим.

– Кейинги пайтларда амир ва ҳокимлар Аллоҳнинг шариатига тескари бўлган ишларни содир қилишлари баён қилинмоқда.

­– Хатони хато билан муолажа қилинмайди. Кимнинг ҳаққи тортиб олинса, адолатни Аллоҳнинг ҳузуридан қидиради ва Унга ёлборади. Лекин шу билан бирга ўзининг устидаги ҳақларини адо қилаверади. 

682 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إنَّهَا سَتَكُونُ بَعْدِي أَثَرَةٌ وَأُمُورٌ تُنْكِرُونَهَا»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ؛ كَيْفَ تَأْمُرُ مَنْ أَدْرَكَ مِنَّا ذَلِكَ؟ قَالَ: «تُؤَدُّونَ الحَقَّ الَّذِي عَلَيْكُمْ، وَتَسْأَلُونَ اللهَ الَّذِي لَكُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 3603، م 1843].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

683. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким менга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилибди, ким менга осий бўлса, Аллоҳга осийлик қилибди, ким амирга итоат қилса, менга итоат қилибди, ким амирга осий бўлса, менга осийлик қилибди», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59-оят).

Ушу ояти каримада келган “ўзингиздан бўлган ишбошилар”ни баъзи муфассирлар “уламолар” дея тафсир қилишган.

Ибн Жарир Табарий “иш бошилар”нинг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг: “улар сизлардан бўлган амирлар”, – деб изоҳ берганини ривоят қилган (“Тафсири Табарий” 8-жуз, 492-бет).

Юқоридаги ояти карималардан маълум бўладики, мусулмон киши аввало Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, маъсият бўлмайдиган ўринда раҳбарларга итоат этиши ва бўйинсуниши лозим бўлади.

Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли сунна ва жамоа ақидасини баён қилувчи мўътабар манбаъларидан бири ҳисобланмиш “Ақидатут-таҳовия”да ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, шундай дейилган:

“Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.

Пешқадам салафларимиздан бири ҳисобланувчи — имом Абу Жаъфар Таҳовий ушбу жумлалари билан бўйинсинувчи инсон ва раҳбар муносабатларига доир, аҳли суннанинг муҳим масалаларига урғу бермоқдалар. Унга кўра тинч аҳоли томонидан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам, итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Имом Таҳовий ҳазратлари айтган ушбу матнга кўплаб саҳиҳ ҳадислар асос бўлади. Жумладан Набий алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида шундай деганлар:

“Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Раҳбарга қарши исён – аслида хаворижларнинг тутган йўлидир. Хаворижлар хатто улуғ саҳобий ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг раҳбарлигини тан олмай, у кишига қарши чиқиб, Ислом тарихида биринчи исёнга асос солган тоифа бўлган. Афсуслар бўлсинки, ҳазрати Алидек улуғ зотнинг раҳбарлигига қарши чиққан ушбу тоифанинг издошлари хозиргача мавжуд.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Кимки амирнинг бирор нарсасини номаъқул кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким подшоҳнинг итоатидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз, жоҳилиятда ўлади”(Имом Бухорий ривоятлари).

Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни шарҳида шундай дейдилар:

“Бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам, унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш, унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади” (“Фатҳул-Борий шарҳи саҳиҳил-Бухорий” 13-жуз, 9-бет).

Ҳижрий II асрда яшаб ўтган руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бири бўлган – “Обидул Ҳарамайн” (“Масжидул Ҳаром” ва “Масжидун Набавий”нинг обиди) деган лақабга эга бўлган зот – Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар менга биргина ижобат бўладиган дуо берилса, уни албатта раҳбарнинг ҳаққига қилган бўлардим. Зотан, агар ўша дуони ўзимнинг ҳақимда қиладиган бўлсам, унинг натижаси ўзимдан нарига ўтмайди, аммо раҳбарнинг ҳаққига қилсам, эл-юртга фойда келтиради“.

Машҳур тобеинлардан бири Абу Муслим ал-Ховланий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

“Сизнинг устингизга Аллоҳ томонидан худди сиз каби бир инсон бошлиқ қилиб қўйилган. Агар у тўғри йўлда бўлса, Аллоҳга ҳамд айтинг! Агар бундай бўлмаса, уни Аллоҳ тўғри йўлга солишини сўраб, унинг ҳаққига дуо қилинг! Унга қарши чиқманг! Акс ҳолда – адашасиз”.

Ҳижрий IV аср бошларида яшаб ўтган зоҳид ва обид зотлардан яна бирлари Аллома Абу Муҳаммад Барбаҳорий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Подишоҳга дуойибад қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у нафси-ҳавосига эргашувчи кишидир. Подшоҳнинг салоҳиятини сўраб, уни дуойи хайр қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у суннатга эргашувчи кишидир”.

683 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ أَطَاعَنِي فَقَدْ أَطَاعَ اللهَ، وَمَنْ عَصَانِي فَقَدْ عَصَى اللهَ، وَمَنْ يُطِعِ الأَمِيرَ فَقَدْ أَطَاعَنِي، وَمَنْ يَعْصِ الأَمِيرَ فَقَدْ عَصَانِي». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 2957، م 1835].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

684. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким амиридан (содир бўлган) бирор нарсани ёқтирмаса, сабр қилсин, чунки ким султон(га итоат)дан бир қарич чиқса, жоҳилият ўлимида ўлган бўлади».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадисдан олинадиган хулосалар:

– Амирларнинг тойилишларига сабр қилиш, лекин имкон қадар насиҳат қилган ҳолда.

– Амирларга итоат қилишда бўйин товламаслик. Чунки бу нарса мусулмонлар оммасига фасодни олиб келади.

684 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَرِهَ مِنْ أَمِيرِهِ شَيْئاً فَلْيَصبِرْ؛ فَإنَّهُ مَنْ خَرَجَ مِنَ السُّلْطَانِ شِبْراً مَاتَ مِيتَةً جَاهِلِيَّةً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7053، م 1849/56].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
685. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Ким султонни хорласа, Аллоҳ ҳам уни хорлайди», деб айтганларини эшитдим”, дедилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

Бобга тегишли саҳиҳ ҳадислар кўп бўлиб, унинг баъзиси бобларда ўтди.

Шарҳ: Бу ҳадисда уламо, халифа ва амирларни ҳурматини жойига қўйишга ишора бўлмоқда. Шунда одамлар наздида уларга нисбатан ҳайбат шаклланади. Шу сабаб одамлар уларнинг гапига қулоқ тутиб, уларнинг амрига итоат қилишади. Фитна ҳамда мусулмонлар жамоасини парчалашни истаганлар ўз кирдикорларига журъат қила олишмайди.

 

685 - وَعَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « مَنْ أَهَانَ السُّلْطَانَ أَهَانَهُ اللهُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [2224].

وَفِي البَابِ أَحَادِيثُ كَثِيرَة فِي الصَّحِيحِ، وَقَدْ سَبَقَ بَعْضُهَا فِي أَبْوَابٍ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш
81-BOB

 81-боб. Амирликни сўрашдан қайтариқ ҳамда таъйин этилмаса ёки мажбурият бўлмаса, волийликни тарк қилишни танлаш ҳақида

Аллоҳ таоло: «Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасос сураси, 83-оят), деб айтган.

81- بَابُ النَّهْيِ عَنْ سُؤَالِ الإِمَارَةِ، وَاخْتِيَارِ تَرْكِ الوِلَايَاتِ إِذَا لَمْ يَتَعَيَّنْ عَلَيهِ أَوْ تَدْعُ حَاجَةٌ إِلَيهِ

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {تِلْكَ الدَّارُ الآخِرَةُ نَجْعَلُهَا لِلَّذِينَ لَا يُرِيدُونَ عُلُوّاً فِي الأَرْضِ وَلَا فَسَاداً، وَالْعَاقِبَةُ لِلْمُتَّقِينَ}.


(81)

686. Абу Саид Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга шундай дедилар: «Эй Абдурраҳмон ибн Самура! Амирликни сўраб олмагин, чунки бу нарса сўровингсиз берилса, сенга кўмак берилади. Агар сенга сўраганинг учун берилса, унда ўзингга ташлаб қўйилади. Бирор қасам ичиб, кейин бошқасини ундан яхшироқ деб билсанг, ўша яхшисини қилгин ва қасамингга каффорат бер».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини бошлиқликни сўрашдан қайтармоқдалар. Зеро эътиборга молик жиҳати лафзнинг умумий экани биландир, сабаб ва шахсларнинг хос экани билан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни (бошлиқликни) сўровчи ўзига топшириб қўйилади дея баён қилмоқдалар. Кимда-ким ўзига топшириб қўйилса ҳалок бўлади. Чунки у Аллоҳ томонидан бўлган ёрдамдан маҳрум қилинди. Аллоҳнинг ёрдами ва лутфидан маҳрум қилинган кимсанинг борар жойи нима бўларкин?!

Бандалар Аллоҳнинг кўмагига муҳтож бўлганлари учун Аллоҳ бизни ҳар намозда шундай дейишимиз билан бизни Ўзига қул деб ҳисоблади:

«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 5-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай дейишимизни таълим бердилар: «Куч ва қувват фақат Аллоҳ(нинг кўмаги) биландир». Муттафақун алайҳ.

Агар бошқарув сўровчининг ҳолати шундай бўлар экан, унда ўзига бошқарув учун мустаҳкам замин ҳозирлаган, мансаб курсисига ўтириш учун ғоятда кўп молларни сарфлайдиган, ёлғон устма-уст даъволар қиладиган кимсанинг оқибати нима бўларкин?! Буларнинг барини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига хилоф ўлароқ бажаради. Ҳамда буни ислоҳот, халқни оёққа тургазиш сабаблари, адолат ва ҳурриятни рўёбга чиқариш дея даъво қилади. Аллоҳга қасамки, у албатта залолат, зулм, фасод ва умматни ҳалокат ва бадбахтликка итаришдир.

Исломда амирлик, қозилик, муҳосиб каби умум вазифа ва мансабларни сўраб олишдан қайтарилмоқда. Чунки бу каби мансабларга интилиб, ўзи талабгор бўлган шахс аниқки, ўзининг шахсий манфаатини устун қўяди ва оқибатда бировларнинг ҳаққини паймол қилиб, гуноҳга ботади. Аммо ким амир ва ҳоким ёки қози бўлишдан қўрқса, гуноҳ содир этишдан ўзини тийгани учун адолатли бўлиши ҳақиқатга яқинроқдир. Аммо бу нарсага халифа ёки ишбошилар буюрса ёки таъйин қилса, мансабни қабул этиши жоиз.

«Амирликни сўраб олмагин, чунки бу нарса сўровингсиз берилса, сенга кўмак берилади. Агар сенга сўраганинг учун берилса, унда ўзингга ташлаб қўйилади».

Банда Аллоҳнинг кўмаги ва тавфиқи билангина нажот топади. Банда амирлик ёки қозиликка талабгор бўлмаса, Аллоҳ унинг ёрдамчиси бўлади. Аксинча ўзи талабгор бўлса, бу мансабнинг масъулияти ўзига ташлаб қўйилади. Аллоҳ у кимсага ёрдам берувчи одамларни яқинлаштирмайди.

Бу ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, шаръий манфаатларда фойдаси кўп, кучлироғ нарса муқаддам қўйилади.

686 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ سَمُرةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «يَا عَبْدَ الرَّحْمَنِ بْنِ سَمُرَةَ؛ لَا تَسْأَلِ الإِمَارَةَ؛ فَإنَّكَ إِنْ أُعْطِيتَهَا عَنْ غَيْرِ مَسْأَلَةٍ أُعِنْتَ عَلَيهَا، وَإِنْ أُعْطِيتَهَا عَنْ مَسْأَلَةٍ وُكِلْتَ إِلَيْهَا، وَإِذَا حَلَفْتَ عَلَى يَمِينٍ، فَرَأَيْتَ غَيْرَهَا خَيْراً مِنْهَا، فَأْتِ الَّذِي هُوَ خَيْرٌ، وَكَفِّرْ عَنْ يَمِينِكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6722، م 1652].


Улашиш
|
|
Нусха олиш