1289. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф ўтирдилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Чунки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умри шарифлари охирлаб қолганини сезиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга ўтган эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари шунга ўхшаш ишларни кўп қилганлари маълум ва машҳур. Жумладан, ҳар Рамазонда Жаброил алайҳиссаломдан Қуръони Каримни бир марта ўтказиб олиш одатлари бор эди. Вафот этадиган йиллари икки мар та ўтказиб олганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишларида қариб қолган кишиларга катта ўрнак бор.
1289 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ، فَلَمَّا كَانَ العَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيْهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْماً. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [2044].