36-КИТОБ
36-боб Аҳли аёлига қилинадиган нафақа ҳақида
36- بَابُ النَّفَقَةِ عَلَى العِيَالِ
(36)
36-BOB

 36-боб. Аҳли аёлига қилинадиган нафақа ҳақида

Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади: «Уларни (яъни, оналарни) яхшилик билан едириб-кийдириш отанинг зиммасидадир» (Бақара сураси, 233-оят).

«Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни, бойлигига ярашадиган) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (яъни, ўз ҳолига яраша) нафақа берсин! Аллоҳ ҳеч бир жонни Ўзи унга ато этган (ризқ-рўз)дан бошқа нарсага таклиф қилмас, (яъни, ҳар бир инсон фақат Аллоҳ ўзига ато этган ризқдан инфоқ қилишга таклиф қилинур)» (Талоқ сураси, 7-оят).

«Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур» (Сабаъ сураси, 39-оят).

36- بَابُ النَّفَقَةِ عَلَى العِيَالِ

 

قَالَ اللهُ تَعَالَى: {وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ، رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ}.

وَقَالَ تَعَالَى: {لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ، وَمَنْ قُدِرَ عَلَيهِ رِزْقُهُ، فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللهُ لاَ يُكَلِّفُ اللهُ نَفْسًا إِلاَّ مَا آتَاهَا}.

وَقَالَ تَعَالَى: {وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ}.


(36)

296. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир динорни Аллоҳ йўлида сарфласанг, бир динорни қул озод қилиш учун сарфласанг, яна бир динорни мискинга садақа қилсанг, яна бир динорни аҳлингга сарфласанг, ажри улуғроғи аҳлингга сарфлаганинг бўлади».

Имом Муслим ривояти.

 

Шарҳ: Чунки аҳлига нафақа қилиш вожиб. Аллоҳнинг йўлига, қул озод қилишга ва мискинга пул сарфлаш ихтиёрийдир.

Агар ўхшатиш жоиз бўлса бу икки турдаги мол сарфлаш гўёки фарз намоз билан нафл намозга ўхшайди. Аммо баъзи кишилар ушбу маънони тўғри тушуниб олмаганлари туфайли нотўғри тасарруф қиладилар. Ўзига вожиб бўлган аҳли аёлининг нафақасини қисиб, нафл ишларга сарф қилишга ўтадилар. Бу вожиб амални тарк қилиб, унинг ўрнига нафл амални адо этиш билан баробардир.

Ушбу маънони яхши тушунган одамлар эса, энг аввало, аҳли аёлининг нафақасини ўрнига қўядилар. Ортиб қолганини эса, бошқа йўлларга садақа қиладилар.

296 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «دِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي سَبِيلِ الله، وَدِينَارٌ أَنْفَقْتَهُ فِي رَقَبَةٍ، وَدِينَارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، وَدِينَارٌ أَنْفقْتَهُ علَى أَهْلِكَ، أَعْظَمُهَا أَجْرًا الَّذي أَنْفَقْتَهُ علَى أَهْلِكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [995].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

297. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Абдуллоҳ Савбон Буждуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши инфоқ қиладиган энг афзал динор унинг ўз оиласига инфоқ қилган динори, Аллоҳ йўлида улови учун инфоқ қилган динори ва Аллоҳ йўлидаги ҳамроҳларига инфоқ қилган диноридир», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги сўз бор.

Абу Қилоба: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оиладан бошладилар», деди‑да, сўнг: «Ёш болалаларига инфоқ қилиб, уларни иффатли қилган, у туфайли Аллоҳ уларни манфаатлантирган ва беҳожат қилган кишидан ажри каттароқ одам борми?», деди».

297 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ ثَوْبَانَ بْنِ بُجْدُدَ مَوْلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَفْضَلُ دِينَارٍ يُنْفِقُهُ الرَّجُلُ دِينَارٌ يُنْفِقُهُ عَلَى عِيَالِهِ، وَدِينَارٌ يُنْفِقُهُ عَلَى دَابَّتِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ، وَدِينَارٌ يُنْفِقُهُ علَى أَصْحَابِهِ فِي سَبِيلِ اللهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [994].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

298. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Саламанинг болаларига нафақа қилишимда менга ажр борми? Мен уларни бундай‑бундай ҳолга ташлаб қўймайман, чунки улар менинг болаларим», дедим. У зот: «Ҳа, сен учун уларга қилган нафақангнинг ажри бор», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

298 - وَعَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ؛ هَلْ لِي مِنْ أَجْرٍ فِي بَنِي أبي سَلَمَةَ أَنْ أُنْفِقَ عَلَيْهِمْ، وَلَسْتُ بِتَارِكَتِهِمْ هَكَذَا وَهَكَذَا؛ إِنَّمَا هُمْ بَنِيَّ؟ فَقَالَ: «نَعَمْ، لَكِ أَجْرُ مَا أَنْفَقْتِ عَلَيهِمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 5369، م 1001].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

299. Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. (Китобимизнинг аввалидаги ният бобида келтирилган узун ҳадисда зикр қилинишича) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Аллоҳнинг важҳини истаб нафақа қилсанг, унга албатта ажр оласан, ҳатто аёлингнинг оғзига солиб қўйган нарсанг учун ҳам», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аҳли аёлга қилинган сарф-харажатдан ҳам ажру савоб олишлиги. Эр аёлининг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам савоб олади. Бу ҳол эса, аҳли аёлнинг ризқи рўзини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқни тақозо қилади. Демак, баъзи кишиларнинг аҳли аёлдан қисиб, хўжа кўрсинга нафақа қилишлари тўғри эмас.

299 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فِي حَدِيثِهِ الطَّويلِ الَّذِي قَدَّمْنَاهُ فِي أَوَّلِ الْكِتَابِ فِي (بَابِ النِّيَّةِ) أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: «وَإِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللهِ إلَّا أُجِرْتَ بِهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فِي امْرَأَتِكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1295، م 1628 وسبق برقم 11].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

300. Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши ўз аҳли-оиласига савоб умидида нафақа қилса, бу унга садақадир», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Эрларнинг ўз аёлларига нафақа қилишлари, оила таъминотини зиммаларига олишлари Қуръон, Суннат ва Ижмоъ бўйича вожибдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, айтади:

Яъни: “Аёлларни маъруф билан ризқлантириш ва кийинтириш ота зиммасидадир”.

“Маъруф” билан деганда ифрот ва тафритга, яъни ҳаддан ошиш ва камчиликка йўл қўймаган ҳолда, одамлар ичида урф бўлган миқдорда, эл қатори едириб ичириш ва кийинтириш тушунилади.  Аёл киши эрига ўзидан фойдаланишга имкон берганлиги, эрининг сўзига итоаткорлиги, унинг уйида қўним топиб, уй ишларини бошқариши, фарзандларни тарбия қилиб, парваришлаши учун ҳам шундай нафақага лойиқ бўлган.

300 - وَعَنْ أَبِي مَسْعُودٍ الْبَدرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا أَنْفَقَ الرَّجُلُ عَلَى أَهْلِهِ يَحْتَسِبُهَا فَهُوَ لَهُ صَدَقَةٌ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 55، م 1002].


Улашиш
|
|
Нусха олиш
301. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарамоғидагиларни қаровсиз қолдириш кишининг гуноҳкор бўлишига етарлидир», дедилар».

«Саҳиҳ ҳадис бўлиб, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг саҳиҳларида:

«Қўл остидаги одамнинг таомини бермаслик кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади», деганлар

 

Шарҳ: Мусулмон одам учун ўз қарамоғидаги кишиларнинг турмуши учун зарур «қути ла ямути»ни, яъни асосий егулик таомни вақтида етказиб бериши лозим. Агар шу ишни вақтида қилмаса, мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланиб, у бу дунё ва охират азобини тортаверади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай деса, ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб турмоғи лозим.

Мазкур ҳадиси шарифлардан маълум бўлмоқдаки, ҳар бир мусулмон учун улкан савоблар ўз аҳлининг таъминотида ва уларнинг ҳолидан хабардор бўлиб турмоғидадир. Шунинг учун ҳам бизнинг диёримизда яшаб ўтган орияти кучли бўлган аждодларимиз ҳеч бир вақтда ўз оиласини қаровсиз ташлаб қўймаган. Чунки мусулмон кишилар мусофир бўлгудек бўлса ҳам, сафаридаги ҳожатини тугатгач тез юртига қайтади, бордию қайтиши узайиб кетса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилган ҳолда оила аҳлидан хабар олиб, уларни бедарак ташлаб қўймайди.

 

301 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْماً أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ» حَدِيثٌ صَحِيحٌ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَغَيْرُهُ. [د 1692، سك 9132، حم 2/160].

وَرَوَاهُ مُسْلِمٌ فِي «صَحِيحِهِ» بِمَعْنَاهُ قَالَ: «كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْماً أَنْ يَحْبِسَ عَمَّنْ يَمْلِكُ قُوتَهُ». [م 996].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

302. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка талафот бергин», дейди».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Мумсик – ўтакетган хасис, бахил, зиқна киши.

Худонинг берган куни эрталаб ер юзига иккита фаришта маълум вазифа ила тушар экан. Улардан бирининг вазифаси молу дунёсини инфоқ қилувчи кишига ўша моли ўрнига ундан кўра яхшироқ ўринбосар мол сўраб нидо – дуо қилиш экан. Иккинчи фариштанинг вазифаси эса, мумсик— хасиснинг моли талафотга учрашини тилаб, дуо қилиб туриш экан.

Албатта, фаришталарнинг дуоси мақбулдир. Шунинг учун ҳеч қачон мумсик бўлмаслик керак. Доимо молни Аллоҳ кўрсатган жойларга инфоқ қилишга, жумладан, закотни ўз ўрнига адо этишга ҳаракат қилиш керак. Уни Аллоҳнинг йўлида етказишга ҳаракат қилиш керак. Аллоҳнинг йўлида сарфланган мол ҳеч қачон зое кетмайди. Балки инфоқ қилинган, закоти чиқарилган молга барака киради. Фаришталарнинг дуоси ила кетган молнинг ўрнига ундан кўпроқ ва яхшироғи келади.

302 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ، فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ؛ أَعْطِ مُنْفِقاً خَلَفاً، وَيَقُولُ الآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكاً تَلَفاً». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ. [خ 1442، م 1010].


Улашиш
|
|
Нусха олиш

303. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. (Садақани) қарамоғингдагилардан бошла. Садақанинг яхшиси беҳожатликда бўлганидир. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилади. Ким ўзини беҳожат тутса, Аллоҳ уни беҳожат қилади», дедилар».

Имом Бухорий ривояти.

Шарҳ: «Иффат» сўзи ҳаром, номақбул ишлардан ўзини тийишни англатади. Бу ўринда ҳаромдан ҳамда бировнинг қўлидаги нарсани сўрашдан ўзини тийиш, тамасиз бўлиш назарда тутилмоқда. Бу ерда ҳозирги ўзбек тилида аёлларга нисбатан ишлатиладиган ҳаё, уятчанликдан кўра кенгроқ маънолар кўзда тутилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Юқори қўл қуйи қўлдан яхшидир. Ёки Устки қўл остки қўлдан яхшидир» деган гаплари садақа бериш ва олиш бўйича энг муҳим қоидага айланган. Устки қўл садақа, хайр-эҳсон берадиган қўлдир. Остки қўл эса садақа ва хайр-эҳсон олувчи қўлдир. Бу икки қўл орасидаги фарқ жуда ҳам катта. Садақа ва хайр-эҳсон берувчи қўл яхши қўл, баракали қўл, хайр-эҳсонли қўл, ҳамманинг ҳавасини келтирадиган, Аллоҳга ва Унинг Расулига хуш келадиган қўлдир.

Садақа ва эҳсонни бировнинг қўлидан олувчи қўл эса, паст қўл, тиланчи қўл. Аллоҳга ва Унинг Расулига ёқмайдиган қўлдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу пурҳикмат гаплари саҳобаларнинг қалбларига ўша заҳоти жо бўлди, бутун вужудларига сингиб кетди. Шу оннинг ўзида дунё кўзларига бошқача кўриниб қолди. Ризқ-рўз топиш ҳақидаги тасаввурлари тамоман ўзгарди. Энди бировдан тама билан бир нарса олмаслик, ҳалол меҳнат билан, пешона тери билан нон топиб ейиш кераклигини тўлиқ тушуниб етдилар.

Масалан, саҳобалардан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни ҳақ ила юборган зот ила қасамки, то дунёни тарк этгунимча сиздан кейин ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман», дедилар.

У киши бу ҳақиқатни нафақат тушуниб етдилар, балки унга амал қилишни бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиб, ҳеч қачон, ҳеч кимдан бирор нарса сўрамасликка қасам ичдилар ва умр бўйи қасамларига содиқ қолдилар. ҳатто халифалар ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар тушган ўлжадан у кишига ўз ҳақини беришганда ҳам олмадилар. Чунки ўлжа осонлик билан тушган ўлжа эди. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу шунинг учун уни олишни эп кўрмадилар. Вафот этгунларича ҳеч кимдан ҳеч нарса олмадилар.

Худди шу ҳолни Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг сийратларида ҳам кўрамиз. Ибн Жарир Табарий у кишидан келтирган ривоятда Абу Саъид розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Ўта шиддатли фақирликка учрадик. Аҳлим мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб бир нарса сўрашга амр қилди. Бас, юриб бориб биринчи эшитганим у зотнинг:

«Ким беҳожат бўлса, Аллоҳ уни бой қилур. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким биздан бир нарса сўраса, топсак ундан яширмаймиз», деган гаплари бўлди. У зотдан ҳеч нарса сўрамай қайтдим. Сўнг бизга дунё ўз-ўзидан моил бўлиб келди».

Бу ривоятни Имом Муслим ҳам икки жойда келтирган. Яна Ибн Жарир Табарий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан қилган бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Бир куни у киши очликдан иложсизлик туфайли қорнига тош боғлаб ўтирган экан, хотини: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб бирор нарса сўранг, фалончи бориб сўраган экан, анча нарса берибдилар», дебди.

«Бас, у зотнинг ҳузурларига борсам, хутба қилаётган эканлар, қулоқ солсам: «Ким иффатталаб қилса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким биздан сўраса, биз унга ани берурмиз. Ким беҳожат бўлса, бизга унинг сўраганидан кўра яхши», деяётган эканлар. Мен у зотдан бир нарса сўрамай қайтдим. Сўнгра Аллоҳ бизга доимий равишда ризқ бера бошлади. ҳатто, ансорийлар ичида биздан моллари кўпроқ аҳли байт қолмади».

303 – وَعَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْيَدُ الْعُلْيَا خَيْرٌ مِنَ الْيَدِ السُّفْلَى، وَابْدَأْ بِمَنْ تَعُولُ، وَخَيْرُ الصَّدَقَةِ مَا كَانَ عَنْ ظَهْرِ غِنًى، وَمَنْ يَسْتَعِفِفْ، يُعِفَّهُ اللهُ، وَمَنْ يَسْتَغْنِ يُغْنِهِ اللهُ». رَوَاهُ البُخَارِيُّ. [1428].


Улашиш
|
|
Нусха олиш